Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ёшлар билан учрашувида янги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилиб, маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
"Албатта, ёшларнинг тилини ёшлар тушунади, улар бир-биридан ўрнак олади, бир-бирига мотивация беради. Шу боис, 9 мингдан зиёд маҳаллада ёшлар етакчиларини тайинладик. Улар уч йил давомида кўп нарсани ўрганди, етарли тажриба орттирди. Энди, улар мактаб, техникум, тил ва касб марказлари билан ҳам ишлашни ўрганиши керак", — деди президент учрашувдаги нутқида.
Давлат раҳбари маҳаллаларда 167 минг нафар уюшмаган ёшлар, тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарлик қилган 17 минг ўқувчи борлиги барчани ўйлантириши кераклигини қайд этди ва янги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилди.
"Маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ? Аввало, сизларга боғлиқ. Маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши керак. Шунинг учун, ҳар бир бола ҳақида, унинг тақдири, келажаги ҳақида аввало сизлар кўпроқ қайғуришингиз лозим", — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари боланинг ёмони бўлмаслигини аниқ тушуниб олиш зарур эканини қўшимча қилди.
"Уларга катталарнинг меҳри, имкониятларини намоён қилиш учун шароит, ўзига ишонч бўлиши учун мотивация керак", — деди у.
Президент бунга Тадбиркорлик жамоатчилик кенгаши аъзолари — 108 нафар "чемпион" тадбиркор ўзининг 308 та корхонаси атрофидаги мактабларга бориб, юқори синф ўқувчиларини касбга қизиқтираётгани мисол қилиб келтирди. Шавкат Мирзиёев бу ўқувчиларнинг аксарияти келажакда ҳаётини қайси касбга боғлаш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлаётганини айтди.
"Бундай ташаббускор, фидойи, ватанпарвар тадбиркорлар — менинг қанотларим. Айтинг, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга етаклаш, ишли ва даромадли қилиш учун сизларга яна қандай шароит қилиб берай? Катта-катта тадбиркорларимиз ҳокимлар билан учрашиб, таклифларини тез кунда шакллантириб берсалар, буларни барчасини кўриб чиқишга тайёрман", — деди президент.