Эроннинг етакчи шиа уламоси Носир Макарам Шерозий 29 июнь куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қарши диний фатво чиқарди. Бу ҳақда News Arena India хабар берди.
Фатвога кўра, ислом умматининг (яъни, бутун мусулмон дунёсининг) бирлигини хавф остига қўядиган ёки раҳбариятига қарши чиқадиган ҳар қандай шахс ёки давлат “моҳареб” — яъни Аллоҳга қарши уруш очган одам сифатида баҳоланади.
Эрон қонунчилигига биноан, “моҳареб” деб топилган шахслар энг оғир жазоларга — ўлим, қўл-оёғини кесиш ёки сургун қилиш жазоларига дучор бўлиши мумкин. Носир Макарам ўз баёнотини мусулмонларни бу “душманлар”дан ҳимоя қилиш билан тугатади.
Мазкур баёнот Трамп ва Нетаньяхунинг Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийни нишонга олиш ҳақидаги сўзлари ортидан янгради. Трамп илгари Хоманаийни “нишон” деб атаган, бироқ “ҳозирча уни ўлдириш режамиз йўқ”, деган эди.
Шерозийнинг юқоридаги баёноти мазкур таҳдидлар ортидан эълон қилинмоқда. Бироқ уламо ўз нутқида фақат ислом тамойилларини тушунтириб, Трампнинг номини тилга олмаган. Ўз навбатида, Эрон кейинги ҳужумлардан воз кечиши шарти билан АҚШ билан ядровий дастури бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёр.
Агар АҚШ дипломатик музокараларни қайта тикламоқчи бўлса, Эронга кейинги ҳужумларни истисно қилиши керак, деган Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи.
Унинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти воситачилар орқали Теҳронга музокараларга қайтишга тайёрлигини маълум қилган. Бироқ кейинги ҳужумлар эҳтимоли ҳақида “аниқ позицияни” билдирмаган. Июнь ойида Трамп Эрон ядровий объектларига зарбалар беришни буюрган эди.
Кейинроқ НАТО саммитида у Эрон билан янги музокаралар режалаштирилганини айтган, аммо тафсилотларни очиқламаган. АҚШ президенти агар Эронда уранни бойитиш бўйича хавотирлар яна пайдо бўлса, унинг ядровий объектларига яна зарба берилишини таъкидлаган.