АсосийJamiyat

Тошкентда "Рёдан"га қўшилиш шиорлари билан чиққан 50 га яқин ўсмир ушланди

'Тошкентда "Рёдан"га қўшилиш шиорлари билан чиққан 50 га яқин ўсмир ушланди'ning rasmi

Кеча, 5 март куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Истиқлол кўчаси бўйлаб жойлашган Халқаро форумлар саройи биноси ёнида 50 га яқин ўсмирлар тўпланган. Улар "Рёдан" субмаданиятига қўшилиш ҳақида турли шиорлар билан чиқишган. 

Ҳолат юзасидан ИИВ матбуот хизмати маълумот тақдим этди. 

Маълум қилинишича, ички ишлар органларига ушбу ҳаракат ташкилотчилари мамлакатдан ташқарида жойлашган бузғунчи кучлар экани, уларнинг мақсади миллий, ирқий, этник ва диний адоватни, шунингдек, ғояларига қарши бўлган устидан тартибсизликлар, зўравонликни тарғиб қилиш эканлиги ҳақида турли маълумотлар келиб тушган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фуқароларни ижтимоий тармоқларда бузғунчи шиорлар ва нотаниш кимсалар таъсирига тушиб қолмаслик ҳақида огоҳлантирган.

"Жорий йилнинг 5 март куни жамоат тартибини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан профилактика тадбирлари ўтказилиб, ота-оналар ва ҳодиса иштирокчилари билан суҳбат ўтказилди", дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, бузғунчи кучларнинг ёшларга таъсиридан ҳаракат иштирокчиларининг қуйидаги чақириқлари далолат берган: "Салом, бугун соат 18:00 да бутун форумни **** бузамиз. Тишимизгача қуролланамиз, пневматика, совуқ ва жанговар қуроллар". Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини обрўсизлантиришга уринишлар билан аноним фойдаланувчиларнинг видеолари тарқатилган. 

"Биз ота-оналарга фарзандининг севимли машғулотларига эътибор бериш кераклигини эслатамиз", - дейилади хабарда. 

 

    Бошқа янгиликлар