У кино ва театрдаги бир қатор роллари билан томошабинлар қалбидан жой олган актриса. Қувноқ, самимий ва ҳамиша кулиб туради. Кези келганда шаддод, лозим топса, жиддий ҳам бўлолади. Ўзим учун кашф қилолганим эса ўзидан кимнидир ясаймади. Ҳис этганини айтади, холос. Эҳтимол шуниси билан ҳам у Дилноза КУБАЕВАдир.
– Интервью вақтини келишиш учун қўнғироқ қилганимда «Мақтангулик янгиликларим йўқ», дедингиз. Рост, бугун аввалгидан камнамосиз?
– Яхши сценарийларни кутаяпман. Вақт масаласида ҳамиша режалиман. Барчасига улгуришга ҳаракат қиламан. Аммо қани ўша ижро этишга арзирли роль?! Жуда баланд талабларим йўқ. Касбий нуқтаи назаримдан келиб чиқиб ёндашаман, холос. Агар профессионаллик тарафидан жавоб берадиган сценарий, яхши ижодий жамоа бўлса, жон деб фильмда иштирок этаман. Ўзимга боғлиқ бўлмаган тарафлари ҳам бор.
– Топширилган ролга киришишингиз осонми?
– Ҳар доим ҳар хил. Баъзан ҳаётда кам учрайдиган образлар берилади, баъзида етти ухлаб тушимга кирмаганларини оламан. Нотаниш характерли образни кўрганимда қўрқув босади. Қаҳрамонимни тушуниб олгунимча «иштаҳам бўлмайди». Томошабинни ишонтироламанми, вазифани уддалай олармиканман деган ваҳима пайдо бўлади. Тўғри, сизга топширилган ролни ўзингиз маромига етказишингиз керак. Аммо жамоа уни қўллаб-қувватламаса, йўл-йўриқ кўрсатмаса, бир киши ҳеч нима қилолмайди. Шунга ҳам юқорида яхши ижодий жамоа ҳақида сўз очдим. Ҳақиқатан ҳам атрофингизда ўз ишининг усталари бўлса, иш жараёнида қўрқув тарқаб кетади.
– Ишдаги қўрқоқликни енголаркансиз, ҳаётдагисини-чи?
– Ҳаётда қўрқоқ эмасман! Мутлақо! Чунки бу менинг ҳаётим, бировники эмас. Лекин кинода, саҳнада кимнингдир ҳаётини гавдалантираман. Ўша кимдир учун жавобгарликни оламан елкамга. Шуниси хавотирга солади. Шукрки, онамнинг дуолари, устозларимнинг панд-насиҳатлари мушкул вазиятларда ёрдам беради.
– Куйиниб гапираяпсиз-у, бироқ ижро этган ролларингизнинг ҳаммаси ҳам омадли чиққан деёлмаймиз.
– Ролнинг қандай чиқиши фақат актёр-актрисаларга боғлиқ бўлвермайди. Кўп нарса режиссёрга бориб тақалади. «Яхши чиқмаган ролларингиз», деяпсиз. Ҳар бирини таҳлил қилиб, асослаб беришим мумкин. Хатоларимни биламан. Чунки ўзимга нисбатан жуда талабчанман, танқид қилавераман. Шу ўринда бир нарсани ҳам инобатга олайлик-да, ҳар доим ҳам «зўр» бўлолмаймиз.
– «Келгинди келин», «Телба», «Кечиккан ҳаёт» — бу фильмлардаги ролларингиз ҳақиқатан ҳам «гапиради».
– Сиз томошабинсиз, мен роль ижрочиси. Ҳар бир томошабиннинг диди ҳар хил. Масалан, менга ёқадиган бошқа ролларим ҳам бор. Шунақа яхши сценарийлар келади, ролингга киришиб, қоришиб кетасан. Ўзингдан ортиқча нарса қўшишинг ҳам шарт эмас. Гоҳида эса қўлингизга тутқазган сценарийнинг чала жойларини кўрасиз, ролнинг мукаммал эмаслиги ёки мантиқан тўғри эмаслиги ранжитади. Ана шундайларини юзага чиқариш қийин. Аммо буни биз биламиз. Томошабин эса премьерадан сўнг айтади фикрини.
– Комедия ва драма. Ҳар иккисида ҳам ўз ижро услубингиз бор. Лекин уларнинг қай бири сизни «ёниб» ижод қилишга ундайди?
– Ҳар иккисида ҳам мароқ билан ишлайман, агар «материал» шунга яраша бўлса. Йиғлайдиган саҳнада мантиқ, маъно бўлмаса, қаҳрамонингизни йиғлатишдан нима наф? Ўз ўрнида бу кулдиришга ҳам тааллуқли. Муҳими, ҳар қайси йўналишда ҳам ҳаёт бўлиши керак. Охирги суратга тушган фильмимда чиндан ҳам «ёндим». Бу роль мени ёндиролди.
– Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси асосида суратга олинган «Кўргим келади» фильмини назарда тутаяпсизми? Қаҳрамонингиз хонанда, руҳан кучли аёл.
– Ҳақсиз. Зиёда жуда матонатли, кучли аёл.
– Ўзингиз учун ундан нималарни ўргандингиз?
– Зиёда билан ўхшашликларимиз бор. Иккимизни сабр бирлаштириб туради. Ҳаётнинг ўзи сизни тобларкан, чиниқтираркан. Билмай қоларкансиз. Йўл-йўриқ кўрсатишганида, англай олишга улгуриш керак экан. Биласизми, шу фильмни томоша қилганда хурсанд бўлиб кетаман. Бу ролим билан фахрланаман.
– Характерингизга яқин келган роль учрабди, ҳаётингиз, тақдирингизга яқинлашгани бўлдими улар орасида?
– Йўқ. Унақаси бўлмаган.
– Ижодда мувафаққиятга эришишдан кўра уни ушлаб туриш қийинроқ, дейишади.
– Жуда қийин. Одамлар оғзига тушганимдан сўнг машҳурлик онларини сезганман. Жиндек қўрққанман ўшанда. Биргина нотўғри ташланган қадам мени қулатади. Мен зинадан юқорига кўтарилишим керак, дердим. Уддалай олармиканман? Хавфсираганман. «Келгинди келин»дан кейин «Телба» зинанинг навбатдаги поғонасига кўтарилишимга ёрдам берди. Муваффақиятни ушлаб қолиш фақат роль билан ўлчанмайди. Одамлар, ҳамкасблар, қўйингки, маҳалла-кўй олдидаги муомаланг, юриш-туришинг, ахлоқ-одобингга ҳам боғлиқ.
– Ҳамон театрда ижод қилаётганингиз қувонарли. Чарли Чаплин сўзи билан айтганда «Театрда тарбияланган актёр-актрисаларнинг қаноти бўлади ва улар уча олишади». Сиз ҳам учасизми?
– Тўғри, бизнинг қанотимиз бор! Саҳнада учамиз! Мен ҳам учаман! Бирор-бир спекталга тайёргарлик кўриш учун қанча машаққатлардан ўтамиз. Саҳнага чиқиб, томошабин билан юз кўришганимиздан сўнг барча чарчоқлар унутилади. Парда кўтарилдими, тамом, мутлақо бошқа ҳаёт бошланади. Ўзингни унутадиган, учадиган лаҳзаларни беради бу саҳна. Роль ижро этаётиб, залдаги томошабиннинг билинар-билинмас йиғиси, ёки шодон кулгусини эшитсанг, маза қиласан. Демак, алоқа боғланди. Ана шундай пайтлари қанотинг пайдо бўлади. Буни тушунтириш қийин, ҳис этиш керак. Театрни маҳкам тутганман, қўйвормайман ҳам. Устозим Мунаввара Абдуллаеванинг «Театрдан ҳеч қачон кетиш керак эмас» деган сўзларини ўзим учун шиор қилиб олганман. Ижодкорнинг муқим иш жойи бўлиши лозим. Бу ердаги ишим билан кинога ҳам улгураман. Бири бирига халақит бермайди.
– «Огоҳ бўлинг, одамлар» спекталидаги қаҳрамонингиз вазият қурбонига айланган, ғализ ниятли кишилар томонидан алданган аёл. Аммо эри уни кечиради. Реал ҳаётда ҳам шундай мардлар бормикан?
– Сиз ишонмайсизми, мард эркаклар оз бўлса ҳам борлигига?
– Билмасам...
– Мен ишонаман! Балки шунақа бўлишини ҳоҳласам керак. Йўқ, менимча бор. Биз мўъжизалар қиламиз, фидоийлик кўрсатамиз оиламиз, фарзандларимиз учун. Эркаклар орасида ҳам шундайлари бор. Фақат уларни кўра олиш керак. Спектаклдаги эркак образи ҳам ҳаётдан олинган.
– Сиз каби мен ҳам ўғил фарзанд тарбиялаяпман. Кичиклигидан сабрли, иродали бўл. Мард бўл, зинҳор аёлларни ҳақорат қилма, дейман-у, кейин ўйланиб қоламан, аёллигимдан келиб чиқиб айтмаяпманмикан?
– Менимча, ҳалол-ҳаром, бировнинг ҳақи ёки аёлларга нисбатан ҳурмат ҳақидаги тарбиямиз аёллик манфаатимизга кирмайди. Ўғлим Муҳаммадаминга «Аёлларни йиғлатиш керак эмас, ҳақорат қилиб бўлмайди. Сен эркаксан, кучли бўлишинг керак», деб кўп гапираман. Кичиклигидан эшитганлари хотирасида муҳрланиб қолишини истайман. Улғайгач, мен каби «Онам шундай дерди», десин, ҳар сўзида, ҳар қадамида эсласин.
– Абдулла Қодирийни йиғлатган «Кумуш»ни ҳис этолдингизми? «Ўтган кунлар» спектаклидаги ролингизни назарда тутаяпман.
– Қачон ҳис қилдим айтайми? Мирзакарим Қутидор куёвига «уйланасиз» деган саҳнасида, Кумуш иккисининг суҳбатини эшитиб, секин хонадан чиқади-да «Мен рози, мен кўндим», дейди. Ана шу эпизодда Кумушга қўшилиб йиғлайман. Кумушни кучлироқ ҳис қиламан. Қаранг, муҳаббат кучини. Ролимнинг масъулияти жуда катта. Юки ҳам оғир. Уни маромига етказиб ижро этиш учун ўз устимда ҳали кўп ишлашим керак.
– Спектакль тугагач, ролдан чиқа олиш, яна оддий Дилноза айланиш қандай кечади?
– Бир одатим бор, ҳис-туйғуларимни яшираман. Нега шундай, очиғи, ўзимга ҳам аён эмас. Бошимда оғриқ туради, юрагимни бир нарса ўраб олади. Балки шу ҳолатлар билан уларни ташқарига чиқариб юборолмасман. Спектакль тугагач, томошабин олқишига табассум улашаман. Бироқ ролим таъсирида юзага келган ҳислар бошимда оғриқ, юрагимда безовталик пайдо қилади. Билдирмайман, ҳатто яқинларимга ҳам. Бу ҳолат бир-икки кунда ўтиб кетади. Кумушнинг заҳар ичадиган саҳнасини ижро этиб, жоним оғрийди. «Нима учун бундай бўлади?» деб куйиниб кетаман. Лекин буни ўзим биламан холос, ўзгаларга билдирмайман.
– Ҳиссиётларингиз ошкор этишга нима тўсқинлик қилади?
– Характер бўлса керак? Яна билмадим...
– Биласизми, баъзан ҳаётимни четдан кузатгим келади. Оддий томошабин сифатида.
– Менда ҳам шундай истак бор. Ҳаётимни четдан кўргим келади. Одамлар орасида қандайман, мени қандай тимсолда кўришади? Билгим келади. Кўпинча волидамдан сўрайман: «Мана, шу вазиятда нима дейишаркан мен ҳақимда?» Онам қандай жавоб берса ҳам, албатта, тўғри хулоса чиқараман, холис қарайман.
– Оскар маросимини кузатиб борасизми?
– Кўпинча хулосасини эшитаман.
– Мени эса тақдирланганларнинг саҳнадаги нутқ сўзи ҳаяжонга солади: «Бу онларни бир умр кутгандим!» Менимча, ҳар биримизнинг ҳаётимизда ана шундай кутилган, соғинган лаҳзаларимиз бўлиши керак.
– Ҳақсиз. Интилиб, кутиб, соғиниб яшамасанг, ҳаётнинг нима маъноси қолади? Оддий кунга кўникиб яшайверсанг, ундан ортиғини ололмайсан. Инсон нияти билан уларни чақиради. Баъзан ўзимиз сеҳргарга айланамиз. Менда шундай бўлади. Хаёлан ниятимни чизаман. Секин-аста сўраганим амалга ошади. «Осон экан-у, шуни олдинроқ қилсам бўлмасмиди?» деб қоламан. Соғинаётган дамларимизни шунчаки кутмайлик, сўраб олайлик, тезроқ келсин.
– Фикрлар моддийлашишига ишонар экансиз.
– Чунки улар ҳаётга кўчади-да. Яратган ҳар биримизнинг қалбимизни эшитади. Нимага яхши нарсаларни, ёруғ кунларни сўрашимиз керак эмас?!
– Айни дамда нималарни соғинаяпсиз?
– Яхши кинони соғинаяпман. Янгилик қилиб одамларни яна ҳайрон қолдириш, хурсанд қилишни жуда соғинганман. Ҳар доим ноодатий кунларни соғиниб яшаймиз. Соғинганим ижод!
– Фарзандингиз билан суҳбатлашасизми? Орзулари, ўй-фикрлари ҳақида.
– (кулиб) Соатлаб гаплашаман. Унинг беғубор қараши, ўзига хос олами, кашфиётлари – барига чанқоқман. Ҳаммасини билгим келади. Қандай улғайяпти, нималарни истаяпти. Айтаётганларимни ўзлаштираяптими, кўча-кўйда қандай, секин-аста гапга солиб, сўраб оламан. Ҳозирдан «Сен келажакда шифокор бўласан, энг олижаноб инсон бўласан. Одамларнинг дилини ҳам, хасталигини ҳам даволайсан», дейман. «Қабулингга моддий тарафдан ночорроқ бемор келса, қандай йўл тутасан?» деб сўраб қўяман. Кутган жавобимни эшитиб, «Шукр тўғри тарбия бераётган эканман», деб қувонаман.
– Шифокор бўлишга ўзи розими?
– «Балки бошқа касбга қизиқаётгандирсан?» десам, «Йўқ, ойижон, шикофор ҳам бўламан, футбол ҳам ўйнаб тураман», дейди болаларча. Ўғлимни мажбурламайман. Оиламизда мажбуран касбга йўналтириш бўлганида, бугун мен санъаткор бўлмасдим.
– Ҳамиша кулиб турасиз. Табассумингиз ортида нима яширинган?
– Табиатан шунақаман. Ўзимни мажбурлаб кулмайман. Ахир табассумни узоқ вақт ушлаб туриб бўлмайди-ку. Атрофингдагиларга кулиб боқиш учун ҳам куч топа билиш керак. Кимгадир моддий тарафлама ёрдам беролмасман, аммо табассум билан кайфият улашолсам бахтиёрман.
– Кулиб турган инсоннинг қалби йиғласа ҳам билдирмайди.
– Баъзан шунақа кунларим ҳам бўлди, кулолмай қолдим. Дардим енгди табассумимни. Яратганга шукр, синовларга бардошли бўлсангиз, ёруғ кунларга етишар экансиз. Яхши кунларга эришиш учун ёмон кунларни яшаб ўтиш керак. Одамлар фақат яхши кунларни исташади. Агар ҳаммаси яхши бўлаверса, кўтаролмай қоламиз. Қутуриб кетишимиз мумкин. Ёки гапим нотўғрими?! Шу кунларга етганимга ҳам шукр қиламан, ҳеч қачон «Нега бундай бўлди?» демайман. Қийинчиликларни, муаммоларни енгсам, қалбимда чечаклар барқ уриб очилишига ишонаман. Худойим осон ҳаётни бериши мумкин, лекин чиройли келажакдан сиқиб қўйиши ҳеч гап эмас. Машаққат билан зинама-зина кўтарилиш қадрлироқ бўлади. Мен шуни истайман.
– Мақсадингиз аниқ, ўзингизга ишончингиз кучли. Ҳамиша шундай бўлинг. Истардимки, кейинги суҳбатларда ҳам бугунгидек кайфият сизни тарк этмасин.
– Ташаккур! Барчамизнинг ниятларимиз ижобат бўлсин!
– Ёмғирда сайр қилишни ёқтирасизми?
– Жуда ҳам! Романтикман! Майдалаб ёмғир ёғиб турса, ер ҳиди димоғингизга урилса... Жимжитлик бўлади ёмғир ёққанида. Ана шу дамларни ёқтираман.
– Соябон тутиб сайр қиласизми ёки аксинча?
– Соябонсиз! Ёмғир томчиси юз-кўзимга тегишини хоҳлайман.
– Бежиз сўрамадим. Соябонда сайр қилишни ёқтираман деганлар кўпинча ҳимояда бўлишни исташаркан. Сиз каби жавоб эса қийинчиликларни ўзим енгаман, деганларники.
– Психологик сўров экан-да (кулиб). «Бугун ёмғир ёғмасин-да» деганларни кўрсам, ҳайрон қоламан. Қанақа қилиб уни ёқтирмаслик мумкин, ёмғирни-я... Ахир дилимиздаги ғуборларни ювиб кетади-ку.
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.