АсосийJamiyat

67,8 минг донадан ортиқ турли шаклдаги беҳаё мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди

Божхона чегаралари орқали жисмоний шахслар томонидан ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқда.

Республикамиз божхоначилари томонидан бу турдаги божхона қоидабузарликларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 2200 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 67,8 минг донадан ортиқ турли шаклдаги беҳаё мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Бошқа янгиликлар