1

Муҳаббатнинг биз билмаган 7 босқичи

СУҒДИЁНА 18.10.2016, 10:38
Теглар: Оила, Эр-хотин
Муҳаббатнинг биз билмаган 7 босқичи

Ҳақиқий севгига осонликча эришилмайди. Буни айрим инсонлар яхши тушуниб, жуфти билан ўртасидаги муҳаббат олови янада гуриллаб ёниши учун тинмай ҳаракат қилади. Бошқалар эса бефарқлиги туфайли меҳр чўғининг сўнишига сабаб бўлади. Бир боқишда юзага келган муҳаббатни ҳақиқий эмас, дея даъво қилмаймиз, лекин асл ошиқлар йилларнинг турли бўронидан эсон-омон ўтган жуфтликлар эканини тан олиш керак. Келинг, яхшиси, бир бошидан бошлаймиз. Муҳаббатнинг босқичлари билан танишиб чиқамиз...

 

1. Эс-ҳушидан айрилиш босқичи. Бу одатда бир-бир ярим йил давом этадиган давр саналади. Айнан шу вақтда севишганлар бир-бирининг камчилигини умуман кўрмайди. Чунки организм ҳис-туйғуларнинг бундай жунбушга келишига жавобан эндорфин ва окситоцин гормонларини ишлаб чиқаради. У эса ўз навбатида, воқеликларга реал нигоҳ билан боқиш ва фикрлаш қобилиятларини тўхтатиб қўяди. Бу жараён одатда икки ёшнинг тўйи билан якун топади. Самоларда орзулари қанотида парвоз қилаётганларнинг ерда нималар бўлаётгани қизиқтиради, деб ўйлаш қанчалик нотўғри. Ниятимиз, бу жуфтликнинг парвози узо-о-оқ давом этсин!

 

2. «Тўйиш» босқичи. Бирга яшаш ёки вақтнинг кўп қисмини бирга ўтказиш натижасида эҳтирослар бироз пасаяди. Энди севимли ёрингизни кўрганингизда юрагингиз қинидан чиққудек ҳапқирмай қолади. Гаплашишга мавзу топилмаслиги ҳамда камчиликларнинг сезила бошлаши бу даврнинг асосий белгиларидан. Аслида, жуфтингиз сиздан ўз нуқсонларини бекитмаган, буни сиз илғамагансиз, холос! Аксарият жуфтликлар муҳаббатнинг бу босқичига аҳамият беришмайди. У вақти-вақти билан биринчи давр билан алмашиб туриши мумкин. Одатда биринчи фарзанд айнан шу паллада дунёга келади.

 

3. Кўнгил қолиш — жуфтлик учун синовларга тўла мураккаб давр. Самодаги парвоз аллақачон тугаган, эр-хотиннинг ҳар бирида худбинлик гуллаб яшнаётган бу чоғда жуфтининг фазилатлари ҳам камчиликдек кўринаверади.  Афсуски, ҳақиқий муҳаббатга эришаман деганлар айнан шу қийин даврдан ўтмай иложи йўқ. Кимдадир бу давр бир неча ҳафта ёки ой давом этса, бошқаларда йилларга чўзилиб кетиши мумкин. Баҳс, муносабатларга ойдинлик киритиш, бир-бирининг қанчалар ноҳақ, ўзи эса ҳақлигини исботлаш учун кетадиган вақтингизга ачининг! Унга қўшилиб ўртадаги парда кўтарилади, меҳр ва ҳурмат йўқолади. Ажримларнинг аксарияти айнан шу даврда амалга оширилади, тинимсиз давом этаётган жанжаллар «Биз икки хил оламнинг одамларимиз, бирга яшолмаймиз», деган фикрни юзага келтиради. Бу жараён кейинги турмушда ҳам юзага келиши турган гап. Қийинчиликдан бир марта ўтолмаган одам иккинчисида муваффаққият қозониши амри маҳол...

 

4. «Пасайиш» палласи. Тақдирга тан берганидан ёки бир-бирини йўқотишдан қўрққаниданми, жуфтлик ҳамон бирга... Бўронлар тўхтаган, эр-хотин энди бўлар-бўлмасга баҳслашишни ўзига эп кўрмайди. Шунингдек, ёнингиздаги одам ҳам шахс эканлиги, унинг ўзига яраша камчилик ва яхши хислатлари борлигини тушунасиз. Асосийси, жуфтини ўзига мослаштириш фикридан қайтилган бўлади. Ҳар бир масалага келишув ва суҳбат орқали ечим топиш мумкинлигини ўз тажрибаларида синаб кўришади. Бу жанг майдонидан кўра самарали эканлигини тан олишади. Эр-хотин кечиримли бўлиш, тушуниш ва сабр қилишни айнан шу даврда ўрганади. Аёл киши табиатан мослашувчан, у оғир-босиқлиги билан эрига намуна бўлиши мумкин. 

 

5. Фидокорлик. Бундан аввалги босқичларда эр-хотин бир-бирига бирор яхшилик қилганида унга жавоб қайтарилишини кутган бўлса, бу даврда жуфти учун шунчаки холис хизмат қилиш истаги туғилади. Ахир қадрли ва юрагингга яқин инсонга меҳрингни билдиргинг келади-да... Беминнат яхшилик қилишни онгли равишда ва ўз хоҳишига кўра амалга оширилиши жуфтликка бирдек ёқимли бўлади.

 

6. Дўстлик. Энди жуфтлик бир-бирини сўзсиз тушунади, ҳурмат қилади. Ахир улар ҳаётнинг баланд-пастидан ўтиб, аччиқ-чучугини бирга тотишди. Қанчадан-қанча синовлардан эсон-омон ўтишди. Бир-бирининг феъл-атвори, хоҳиш-истакларини беш қўлдек билишади, баҳсли вазиятлардан жанжалсиз чиқа олишади. Биргаликда вақт ўтказишни хуш кўрадилар, зерикиш нималигини билишмайди. Одатда бу даврга келиб, фарзандлар улғайган, эр-хотиннинг ташвиши эса камайган бўлади.

 

7. Муҳаббат. Инсонга берилган неъматлар орасидаги энг қадрлиси — АСЛ ИШҚқа эришишга лойиқ бўлиш лозим. Бунинг учун тинимсиз меҳнат ва сабр керак. Кўз қарашидан бир-бирини тушуниш, руҳий бирдамлик, чексиз ҳурмат, мана, бу — муҳаббат! Афсуски, бу босқичга етиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Чунки унгача ёнингдаги инсонни борлигича қабул қилиш, уни эъзозлаш, холис хизмат қилиш, камчиликларини фазилат дея қабул қилишни ўрганиш керак. Ўткинчи ҳис-туйғуларга асло жой йўқ. Бу вақтда жуфтлик бир бутунга айланиб, бир ҳавода нафас олаётганидан, шунчаки ёнида эканлигидан хурсанд бўлади.

 

Кексалик гаштини биргаликда сураётган, бир-бирини ақл бовар қилмас даражада эъзозлайдиган эр-хотинларни кўп бора кўрганмиз. Уларнинг суҳбатлашишига ҳеч аҳамият берганмисиз, бири иккинчисининг гапига қарши фикр билдирмайди, аксинча қўллаб-қувватлайди. Юзида табассум билан жуфтига боқади. Уларга қараб, беихтиёр ўзингизга ҳам худди шундай бахт тилайсиз. Унутманг,  бу инсонлар турмушининг биринчи кунлариданоқ бахтли бўлиб қолмаган, улар ўз севгисини йиллар давомида авайлаб-асраб, юқорида саналган босқичлардан биргаликда босқичма-босқич ўтканликлари учун ҳам шундай бахтиёр.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, эр-хотин ўзаро дўстлашиб, бир-бирини ҳурматлашни ўрганиши учун камида 7-10 йил керак бўлар экан. Ундан кейин аста-секинлик билан муҳаббат ҳам келади. Ҳар биримизга АСЛ ИШҚқа эришиш насиб қилсин!

ДИЛНОЗА тайёрлади. 

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Эр-хотин 5 бош қўй ўғирлаб қўлга тушди

03.12.2019, 10:59

 Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Н. Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 29 ноябрга ўтар кечаси ўзига тегишли «Гулобод» маҳалла фуқаролар йиғини...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1