АсосийJamiyat

1 мингта иссиқхонанинг 2,2 триллион сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтириб бериладиган бўлди

'1 мингта иссиқхонанинг 2,2 триллион сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтириб бериладиган бўлди'ning rasmi

Сўнгги йилларда иссиқхоналар майдони 3 баробарга кўпайиб, 5,2 минг гектарга етди, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайди. Муҳими, иссиқхоналар 150 минг аҳолини юқори даромадли иш билан банд қилмоқда.

- Шу билан бирга, қишдаги қаттиқ совуқдан энг кўп зарар кўрганлардан бири бу – иссиқхоначилар. Уларнинг барча муаммоларидан хабарим бор, - деди Президентимиз Бухорода бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида. 

Бундан буён Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиши белгиланди. Бунда вазирлик вилоят ҳокимлари билан бирга ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва газ) иссиқхоналарга узлуксиз етказиб бериш кафолатини беради, иссиқхоналар эса етказиб берилган ёқилғи учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни ички бозорга ва экспортга чиқариш бўйича мажбурият олади.

Ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий қилинади.

Жумладан, иссиқхоналарга махсус омбор қуриш ва айланма маблағ учун 14 фоизли кредит линияси очиб берилади, иситиш қозонларини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи қоплаб берилади.

Табиий газда ишлайдиган иссиқхоналар айланма маблағларини тўлдиришга ҳам 650 миллиард сўм кредит ресурслари йўналтирилади. 

Иссиқхоналарда сердаромад маҳсулот етиштиришни кўпайтириш мақсадида четдан олиб келинадиган гул туганаклари, пиёзбошлари ва қаламчалари 2025 йилга қадар божхона божидан озод қилинади.

1 мингта иссиқхонанинг 2,2 триллион сўмлик кредитларини қайтариш муддати узайтириб берилади.

Жаҳонда энергия ресурсларини тежаш масаласининг долзарблиги тобора ортиб бормоқда.

Шу боис юртимизда “яшил энергетика”ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта марралар олинган.

Энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрель ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар ўтказилди. Шу асосда 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлгани йўқ, раҳбарлари эса “сўров бўлмаяпти” деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Хусусан, Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион куб метр, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион куб метр газни кўп истеъмол қилган.

Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган.

Энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар