1

44 йилдан сўнг Озарбайжонда “Ўзбекистон маданияти кунлари”: оламшумул воқеа қандай ўтди?

МАДАНИЯТ 17.08.2023, 20:23
44 йилдан сўнг Озарбайжонда “Ўзбекистон маданияти кунлари”: оламшумул воқеа қандай ўтди?

1-4 август кунлари Озарбайжонда “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббасов ушбу тадбирларнинг қандай ўтгани ҳақида батафсил маълумотни биз билан баҳам кўрди.

Ассалому алайкум Самир Алиҳасанович, яхши маълумки, Озарбайжонда “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтди. Бу оламшумул воқеа. “Ўзбекистон маданияти кунлари” қандай ўтгани ҳақида гапириб берсангиз. 

- Аввало, шуни қайд этиш жоизки, Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва биродарликнинг тарихий муносабатлари янада ривожланиб, ҳозирги даражага етди.

Бугунги кунда Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатлари ривожланишнинг янги босқичига киргани, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ваЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муваффақиятли давом эттирилаётгани аниқ. Озарбайжон-ўзбек муносабатлари бугунги кунда икки мамлакат раҳбарларининг истиқболли сиёсати, ўзаро ташрифлари ва мунтазам алоқалари туфайли янада жадал ривожланмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида тарихан яқин маданий алоқалар мавжуд. Икки халқ бир-бирининг маданиятидан илҳом олиб, уларни ўзаро бойитади.

Мамлакатларимиз мустақилликка эришгандан сўнг, илк марта, 44 йилдан сўнг Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтди. Эътиборлиси, ушбу тадбирларни ўтказиш учун Ўзбекистондан 200 дан ортиқ қардош ташриф буюрган.

Тадбирларнинг даражаси, кўлами ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда унинг очилиши Озарбайжон халқининг Умуммиллий Лидери Ҳайдар Алиев номидаги саройда бўлиб ўтди. Озарбайжон ва Ўзбекистон санъат усталари иштирокида Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ҳамроҳлигида тантанали концерт дастури ташкиллаштирилди.

Яқин орада Бокуда бу қадар аншлаг кузатилмаганди, зал тик турган ҳолда олқишлади.

Концерт дастурида машҳур ва севимли санъаткорлар Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Насиба Абдуллаева, Гулсанам Мамазоитова, Женисбек Пиязов, Илёс Арабов, Юлдуз Турдиева, Озода Нурсаидова, Самандар Алимов ва бошқалар иштирок этди.

Дўстона муносабатлар белгиси сифатида концертда Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гуляноғ Маммадова ва Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Тарзан Соҳиб Пашозода ҳам қатнашди.

Маданият кунлари доирасида шунингдек, Озарбайжон миллий кутубхонасида ҳам тадбир уюштирилди. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Маданият кунлари доирасида М.Ф.Охундов номидаги Озарбайжон миллий кутубхонасида “Ўзбек адабиёти бурчаги”нинг очилиши муҳим воқеалардан бири бўлди.Озарбайжонлик китобхонлар ҳар доим Ўзбекистоннинг қардош халқи, унинг урф-одатлари, анъаналари ва албатта адабиёти билан қизиққан. Эндиликда ушбу бурчакнинг очилиши туфайли улар Ўзбекистон билан янада яқинроқ танишишлари мумкин.

Ушбу тадбир ўзбек адабиётининг таниқли вакили Абдулла Қодирийнинг озарбайжон тилидаги “Минувшиедни” (“Ўткан кунлар”) асарининг янги нашри тақдимоти билан давом этди. Роман илк марта 1929 йилда озарбайжон тилига таржима қилинган ва бир неча бор қайта нашр этилган. Бу икки мамлакат ёзувчиларининг ўзаро ҳамкорлигининг самарасидир. Асарда кўтарилган саволлар, тарихий воқеалар, қаҳрамонларнинг тақдири озарбайжонларга жуда яқин.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари – миллий адабиётнинг таниқли намояндалари гуруҳининг иштироки тадбирга алоҳида муҳит бағишлади.

Озарбайжон ва ўзбек халқлари адабиёти қадимий умумий илдизларга эга. Бу жиҳатлар Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Фузулий ва бошқа кўплаб шоирларнинг ижодида яққол намоён бўлади. МирзаФатали Охундов, Ҳусайн Жовид, Самад Вурғун ва Озарбайжон адабиётининг кўплаб адиблари ўзбек ўқувчисига яқин.

Ушбу тадбирнинг давоми сифатида Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқа театри жамоаси Озарбайжон давлат академик мусиқа театри саҳнасида ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” (Минувшие дни) асари асосида спектакл тақдим этди.

Озарбайжон кинематографияси ҳар доим ўзбек томошабинларининг катта қизиқиши ва эътиборидан баҳраманд бўлиб келган.

Озарбайжон театри саҳнасида тақдим этилган “Қайнона” спектакли ҳақида нималар айта оласиз?

- Ўзбекистонда Озарбайжон асарлари ҳар доим катта қизиқиш уйғотиб, “Аршин Мал олан”, “Лайли ва Мажнун”, “Қайнона” каби асарлар ўзбек жамоатчилиги орасида жуда машҳур ва севимлидир.

“Қайнона” фильми Ўзбекистонда қанчалик севиб томоша қилинишига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Собиқ Иттифоқ давридан бери ушбу фильм ўзбек тилига дубляж қилинган ва ҳозиргача Озарбайжонда бўлгани каби, вақти-вақти билан ўзбек телеканалларида намойиш этилади. Бундан ташқари, ўзбек тўйларида “Қайнона” қўшиғи жуда машҳур.

Ўтган йилнинг қиш фаслида ҳамда шу йилнинг баҳорида Муқимий номидаги Давлат мусиқа театри саҳнасида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази кўмагида Озарбайжон театри ва кинематографиясининг дурдоналаридан бири бўлган “Қайнона” комедияси саҳналаштирилгани бежиз эмас. Ўзбекистоннинг театр саҳналарида Озарбайжон песалари ва асарларини саҳналаштириш ҳар доим муҳим воқеа сифатида қабул қилинади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Маданият кунлари доирасида Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқа театри яна Озарбайжон давлат академик мусиқа театри саҳнасида “Қайнона” асари билан чиқиш қилди.

Ўзбек тилида намойиш этилган спектаклда ариялар озарбайжон тилида ижро этилиб, кўплаб машҳур саҳналар эса томошабинларнинг қизғин қарсаклари билан кутиб олинди.

Ўзбекистонлик санъаткорлар озарбайжон томошабинларига қандай якуний дастурни тақдим этишди?

- Бокудаги булварда мухлислар қаршисида бўлиб ўтган маданият кунларининг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков, Насиба Абдуллаева, Абдуҳошим Исмоилов, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитова, Женисбек Пиязов, Самандар Алимов ва бошқалар ўз санъатларини намойиш қилишди.

Концерт давомида санъаткорлар ўз репертуаридаги энг машҳур қўшиқларни куйлашди. Ўзбекистондан Озарбайжонга ташриф буюрган санъаткорлар ўзларининг ажойиб чиқишлари билан буюк тарихга, бой маданиятга эга эканликларини яна бир бор намойиш этдилар. Тадбирда Ўзбекистондан кўплаб меҳмонлар ва Бокуда истиқомат қилувчи ушбу мамлакат фуқаролари қатнашди.

Ўзбекистон фолклор усталарининг концерт дастури катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, этник, диний ва маданий қадриятлар жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган озарбайжон-ўзбек муносабатлари тобора ривожланиб, ушбу ҳамкорлик мамлакатларимиз ва халқларимиз, шунингдек, бутун туркий дунё ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1