Ўзбекистон Республикаси Иктисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Молия органлари хамда бюджет ташкилотларининг молия-ҳисоб бўлинмалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув марказида “Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида вазирлик ва идоралар масъуллари учун қишлоқ хўжалиги бўйича” семинар бўлиб ўтмоқда.
Семинарнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Иқтисожиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Котибиятининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича эксперти Дивакар Диксит иштирок этди.
Ахадбек Хайдаров кириш сўзида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши юзасидан музокаралар олиб борилаётган бир пайтда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини ташкилот талабларига мос ҳолга келтириш муҳим вазифалардан саналишини таъкидлади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва экспорт субсидиялари тўғрисидаги маълумотларни ташкилот котибиятига 2004 йилда Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга қўшилиш бўйича Ишчи Гуруҳининг 2-йиғилишиарафасида тақдим этган.
2021 йилда Ўзбекистон томони 16 йиллик танаффусдан сўнг ЖСТ Котибиятига халқаро экспертлар билан ҳамкорликда тайёрланган, 2016–2018 йилларда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва экспорт субсидиялари бўйича янгиланган маълумотлар, шунингдек, қўшимча статистик жадвалларни тақдим этди.
А. Хайдаров: “Шу билан бирга, жорий йил март ойида бўлиб ўтган кўп томонлама музокараларда ЖСТга мамлакатлар томонидан, Ўзбекистон Республикасида 2020–2022 йилларда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш бўйича ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш зарурлиги маълум қилинган бўлиб, ҳозирда мазкур маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан қайта шакллантирилмоқда”.
Шунингдек, семинарда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш борасида ЖСТга тақдим этиладиган маълумотларни ташкилот ва Қишлоқ хўжалиги тўғрисидаги Битим талабларига мувофиқ шакллантиришда жаноб Дикавир Дикситнинг тажрибаси муҳимлиги айтиб ўтилди.
Якунда ҳафта охиригача давом этадиган семинар мазмунли руҳда ўтиши ҳамда иштирокчилар ўзлари учун керакли билим ва кўникмаларни эгаллашларига умид билдирилди.






