Европа Иттифоқи Кенгаши Эронда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига масъул бўлган тўрт шахс ва олтита ташкилотга қарши санкцияларнинг ўнинчи босқичини жорий қилди.
Ушбу пакет 2022 йил 16 сентябрда Маҳса Аминийнинг Эрон ахлоқ полицияси томонидан ўлдирилганининг бир йиллиги муносабати билан эълон қилинган.
Санкциялар Марказий хавфсизлик штаб-квартирасида жойлашган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони ўринбосари ҳамда Мозандарон ва Форс вилоятлари полицияси командирларига қаратилган.
Бундан ташқари, рўйхатга Качуй қамоқхонаси ва унинг директори ҳамда яна учта Эрон қамоқхонаси киритилган. Шунингдек, Тасним агентлиги ва Кибермакон бўйича Олий Кенгашга қарши ҳам санкциялар жорий қилинган.
Чеклов чоралари жами 227 нафар жисмоний ва 43 юридик шахсга нисбатан қўлланилади. Булар орасида активларни музлатиш, Европа Иттифоқига саёҳат қилишни тақиқлаш ва рўйхатга киритилган шахсларга маблағ ёки иқтисодий ресурслар тақдим этмасликни ўз ичига олади. Шунингдек, Эронга ички репрессия учун ишлатилиши мумкин бўлган асбоб-ускуналар ва телекоммуникацияларни кузатиш учун ускуналар экспортини тақиқлаш кўзда тутилган.
Маълумот учун, ўтган йилнинг сентябрь ойида 22 ёшли Маҳса Амини - курд аёли Эрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни "нотўғри ўрагани" учун ҳибсга олинган ва шундан сўнг унинг жасади ҳибсхонадан чиққанди. Полиция унинг ўлимидаги иштирокини рад этиб келган бўлса-да, мамлакат фаоллари ушбу воқеада айнан шу идорани айблаб келган. Маҳса Амини воқеаси нафақат Эронда, балки бошқа мамлакатларда ҳам бир қатор намойишларга сабаб бўлган эди.
Ўша воқеа сабаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар Эронни аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий ташкилотдан четлатди.