1

Ўзбекистонда фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда

ЖАМИЯТ 19.09.2023, 15:38
Ўзбекистонда фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда

2023 йил 19 сентябр куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Муҳокамада маълум қилинишича, мутасадди идоралар томонидан Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилган.

Хусусан, Қонунда миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик, кўп хотинли бўлишни тарғиб қилганлик, жинс бўйича камситишни тарғиб қилганлик учун тегишли жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор инкор этганлик ҳамда фуқароларни миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб камситганлик ҳамда диний ташкилот томонидан ўзининг уставида назарда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун билан фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юрганлик учун белгиланган маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда.

Муҳокамалар жараёнида ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жамиятда миллатлараро тотувликни, диний бағрикенгликни яна-да мустаҳкамлашга, дунёвий қадриятларни сақлаб қолишга ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга эришилиши қайд этилди.

Йиғилиш якунида ушбу Қонун бўйича экспертлар томонидан тайёрланган тавсиялар Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1