1

“Жаҳонгир Позилжоновни айтишгач, яшаса бўларкан деганман”. Фарғоналик пайпоқчи қандай қилиб машҳур “momin.le”га айланди

ЖАМИЯТ 29.09.2023, 20:35
“Жаҳонгир Позилжоновни айтишгач, яшаса бўларкан деганман”. Фарғоналик пайпоқчи қандай қилиб машҳур “momin.le”га айланди

Darakchi.uz бир оёғидан айрилган, аммо мақсад ва ҳаракатлари уни аввалгиданда яхшироқ кунларга олиб чиққан замондошимиз билан суҳбатлашди.

Абдумўмин Юсупов. Қўқонлик бу йигит бир муддат сотувчи, нонвой, пайпоқчи, яна эшик-ромчи бўлиб ишлаган. Ҳаёти бир оддий йигит ташвишлари билан кечаётган эди. Бироқ кунларнинг бирида содир бўлган кутилмаган бахтсиз ҳодиса меҳнаткаш, уста йигит тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. Тақдир чархпалаги бир айланди-ю, уста Абдумўмин Юсупов юлдуз “momin.le”га айланди. Айни пайтда Ўзбекистонда ўзининг ибратли видеочиқишлари билан машҳур блогерга айланган Абдумўмин қандай бахтсиз ҳодисага учраган эди? У қандай қилиб интернет юлдузига айланди? “darakchi.uz” бир оёғидан айрилган аммо мақсад ва ҳаракатлари уни аввалгиданда яхшироқ кунларга олиб чиққан замондошимиз билан суҳбатлашди.

Бахтсиз ҳодиса сизни блогерлик фаолиятини бошлашингизга сабаб бўлгани ҳақида айтасиз. Шу ҳодиса ҳақида гапириб берсангиз?

2017 йил мен Рамазон ойида пайпоқ цехида оддий ишчи бўлиб ишлардим. Ишхонадан 15 кунга “отпуск” олганман. Уйга кириб, 15 кунга сизлар учун жавоб сўраб келдим, энди менга 1 кун уйғонмагунимча умуман тегманглар, деб ухлашга кириб кетганман.

Эрталаб бувим телефонда гаплашаётганларини эшитгандим, опоқим билан гаплашишган. “Моторол”ни кимдир уйимизга олиб келсин, деганларини эшитиб қолдим. Уйда ҳеч ким йўқ, Мўминжон ухлаяпти, дедилар бувим. Ўшанда 17-18 ёш бола бўлганман, техникага қизиққан пайтимиз... Уйқумдан сакраб туриб, мен минишни биламан-да, деб кўчага олиб чиқиб кетганман. Ўзи минишни, ўт олдиришниям билмасдим, аслида.

Ташқарида 1 соат ўт олдиришга ҳаракат қилдим, лекин ўхшамади. Кейин, қўшниларимиз ортидан итариб юборишди.

500 метр ҳам юрмасдан мен катта тезликда “столба”га бориб урганман. Оёғим чеккадаги “борт”и билан “столба”ни ўрасида қолиб кетди. Шунда кесиб ташлашга мажбур бўлишган. Ўзимга келиб, оёғим йўқлигини кўргач, “шок” ҳолат бўлган мендаям, озгина тўпалон қилганман, тинчлантирувчи укол қилишган. 

Ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман ўша пайтда. Ҳамширага “шу деразадан ўзимни ташласам, ўламанми?” деб сўраганман ҳам. Худо ёшлигимдан дилимга солганми билмадим, ёшлигимдан протезини кўришга қизиққанман. Кейин, агар шунақа нарса бошимга тушса, ўзимни ўлдирворсам керак, деб ўйлардим. Ўшанда ҳамшира опа “бу гапингизни бир марта айтдингиз, бошқа айтманг. Шу ерда 3 кундан бери ётибсиз, сизни деб онангиз ўзларини эсдан чиқариб, озиб-тўзиб кетдилар. Энди сиз онангиз учун яшайсиз”, деб айтди.

Ўша-ўша кўзим очилган. Дўхтир ҳам, “Жаҳонгир Пазилжоновни биласан а, ўша одамниям оёғи протез” деб мени алдаб, “мотивация” берган. Кейин Жаҳонгир Позилжоновни кўриб, демак яшаса бўларкан, деганман.

2020 йил яна касал бўлиб, оёғимни суягидан яна озгина кесишга тўғри келиб қолди. Тошкентда “ТошМИ”да кестирдим. Ўшанда 15-20 кун бекорчи бўлиб интернетда “ўтирдим”. Ўшанда блогерлик расса ривожланаётган пайт эди, карантиндан аввал. Шуларни кўриб, нега мен блогер бўлолмасаканман, деганман. Шунда қизиқиш бошланган. Ўша пайтларда оқсашимдан, оёғим йўқлигидан устимдан кулишларидан уялардим. Команда тўплаб, ўзим кадр ортида ижод қилишни бошладим. Кейин карантин, карантидан сўнг командамиз тарқала бошлади. Команда тарқалиб кетганидан сўнг мен СММ мутахассиси бўлиб ишга кирдим. Ўша ерда ҳар куни видео чиқаришим керак эди, бир куни протезим синиб қолди. 1 ҳафта бўлди, мен видео чиқармаяпман. Кейин ўша ердаги болалар билан келишга ҳолда ибратли видео олганмиз. Биринчи ибратли видео, блогерликка қадам қўйиш ўша ердан бошланган деб ҳисоблайман. Ўша видео “ТикТок”да бир кунда 750 минг “просмотр” олган. 1 ойда 100 минг обуначи тўплаганмиз. 

Демак мен 2017 йилда интернетдан тополмаган мотиваторим ўзим эканман, деб, блогерликка катта қадамни ўша ерда қўйганман. 

Бугунги кунда имконияти чекланган инсонлар томонидан ҳам жуда катта тарихий натижалар қайд этилмоқда. У хоҳ спорт йўналиши бўлсин, хоҳ илм ёки бошқа йўналиш. Мана, сизнинг мисолингизда ҳам буни кўряпмиз. Лекин тақдирнинг бу оғир синовларидан “синиб” қоладиган инсонлар ҳам учраб туриши табиий. Айнан сизни фаолиятингизни кўзатиб, ҳаётга қайта қизиқиши уйғонган инсонлар борми?

Менимча улар юздан ошиқ, мингга яқин бўлса керак. Ҳафтасига 10-15 та одам ёзиб туради, сизни кўриб ўрнак олдим, сизни кўриб “мотивация" олдим, деб. Фақат имконияти чекланган инсонлар эмас, соғлом инсонлар ҳам ёзишади. Мен нолиб юрган эканман ҳаётимдан, сизни кўриб кўзим очилди, деб жуда кўпчилик ёзади. Яна кўпчилик, ўзимда ҳам бўлга бу ҳолат, тушкунликка тушиб қолишади, ўзларини ўлдиришмоқчи бўлишади, бир хонага қамалиб олишади, ҳеч нарса юракларига сиғмайди ва ҳаётдан узилиб қолишади. Шундай одамлар мени кўриб, “мотивация” олишганлари бўлган.

Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон, Тожикистондан ҳам ёзиб туришади. 

Бу бахтсиз ҳодисадан кейин шифокор кўригидан ўтиб турасиз. У ердаги беморларга нималар дейсиз?

У ердаги беморларни жўда кўпчилиги сизга нима бўлган, деб савол берсам, йиғлаворишгани бўлган, уялмайсизми, деганлари бўлган. Мен уларга бир нарсани айтаман, йўқотган нарсаларимиздан орттирган нарсаларимиз кўпроқ, дейман. Худо берган бир синов, деб уларга қўлимдан келганча руҳлантириб келаман.

Шу даражага етишингизда сизни қўллаб турган инсонлардан кимларни эътироф эта оласиз?

Энди бу блогерлик, вайнерлик ҳам бир прогрессга ўхшаган нарса, бир тушади, бир кўтарилиб кетади. Доим трендда юриб бўлмайди. Ўша пайтда мени доим қўллаб келадиган, мени ташлаб кетмайдиган фақат укам билан онам. Гуруҳдаги одамлар ҳам абадий эмас-да, кўтарилиб кетсангиз сиз билан, озгина “синиб” қолсангиз ўзларига бошқа гуруҳ очишади. 

Асосан ибратли видеоларингиз билан бошқалардан ажралиб турасиз. Лекин ҳозир гувоҳи бўляпмиз чиқишларингиз орасида комедия жанридаги видеолар ҳам бор. Бунга сабаб нима бўляпти?

Ҳамма аудиторияни ушлаш мақсадида. Жуда кўпчилик менга, сизни 3-4 та видеоларингизни кўроляпмиз холос, қолганига бардошимиз етмаяпти, деб ёзишни бошлашди. Шундан сўнг озгина ҳазил қўшишга қарор қилдик.

Блогерлик соҳасида устозингиз борми?

Монтаж соҳасини ҳеч кимдан ўрганмаганман. Ўзим аввал компьютерда кейин телефонда ўрганганман, кейин “CapCut”, “VN” программаларида монтаж қилишни ўрганганман. Ранг беришни блогер Ҳусан акадан ўрганганман. Қолган томонлама ҳеч кимдан ҳеч нарса ўрганмаганман.

Ғоялар олиш, сценарийлар ёзиш масаласичи?

Сценарий ёзишларда кўпроқ Ҳадислардан, китоблардан ўқиймиз. Кейин ҳаётда бўлган воқеалар ва обуначиларимиз томонидан юборилган таъсирли воқеалардан келиб чиқиб сценарий ёзамиз. 

Яқинда инстаграмингизда бир “сторис” кўргандим. Унда “Агар видеоларимда тушишни истамасангиз менга мурожаат қилманг. Видеоларимда чиқиб, кейин уни ўчирворишимни хоҳласангиз, видеога сарфланган пулни қоплаб беринг, шундан сўнг видео ўчирилади” деб ёзилганди. Нега бундай деб ёзгандингиз?

Бизда кўпроқ қизлар билан муаммо бўлади. Уйдагилардан рухсат сўраганмиз, деб келишади ва видеога тушишади. Видео кенг тарқалгандан сўнг уйдагилари билмаган бўлади, кейин уйдагилари бизга тўпалон қилишади. Бу асосан негатив роль ўйнаган одамлар билан бўлиб турадиган ҳолат. Охирги пайтларда бу каби ҳолатлар кўпайганлиги сабаб шу “сторис”ни қўйишга мажбур бўлдим.

Ўзи умуман битта видео учун қанча маблағ сарфланади?

Унчалик кўп эмас. Ҳар бир видеода реклама кетади, локация масаласи, баъзида меҳмонхона, ресторан учун пул сарфланади. Битта видеога ўртача 500 минг сўм пул сарфланади.

Реклама нархи қанча?

Битта пост учун водий шароитида 500 доллар оламиз, “сторис” эса 100 доллар. 6 та платформага қўйиб берилади. 

Блогерлик, вайнерлик бу яқиндан пайдо бўлган касб-да. Ҳеч биримиз эртага нима бўлишини билмаймиз. Мабодо блогерликни вақт ўтиб рейтинги тушса, одамлар кутаётган “эффект”ни бермаса ёки яна бошқа бир сабаб бўлса, кейинчалик ҳаётингизни қайси соҳа билан боғлайсиз? 

Мен “акфа”чи бўлганман. Бир яқин ака бор, улар “бу ишингиз биламан абадий эмас, қачондир барибир олдимга келасиз”, деб айтадилар. Шу ишга қайтишим мумкин ёки шахсий бизнес қилишим мумкин. 

Ўзи умуман қачондир тўхтатиш ёки ўзингизни бошқа йўналишда ўзингизни синаб кўриш истаги бўлганми? 

Албатта бўлган, ҳозир ҳам бор. Агар таклиф бўлиб қолса, телевидение соҳасида ёки актёрликда ўзимни синаб кўриш истагим бор.

Инстаграм тармоғингиз орқали сўнги пайтларда чет эллардан ҳам реклама кўришни бошладик...

2022 йил Санкт-петербургга борганимдан бошланди. У ерда уруш бошланиб қолгани учун мен қолиб кетдим, билетлар нархи 10 минг долларгача кўтарилди. Шунда Россияда ҳам 10 га яқин видео олдим ва у ердагилар ҳам таниб қолишди.

Сизга мазмунли суҳбат, вақтингизни аямай келганингиз учун катта раҳмат. Агар айтмоқчи бўлган гапларингиз бўлса айтишингиз мумкин.

Мен айтадиган гапим, одамлар менга сен кўпчиликни алдайсан, ўзи оёғинг борми йўқми, деб жуда кўп видео чиқаришимга қарамай ёзишади. Уларга жавобим, менинг оёғим йўқ, атайин қилиб олмаганман.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1