Маълум қилинишича, амалдаги Меҳнат кодексининг 181-моддасига кўра ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир.
Педагоглар мактабда дарс бўлмаган вақтларда педагогик юкламасида белгилаб берилган ишларни амалга оширади ёки мактаб маъмурияти томонидан берилган топшириқларни бажаради. Фақат топшириқ ҳам қонуний бўлиши керак.
Яъни, ходимнинг иш вақти экан деб унга лавозим мажбуриятларига кирмайдиган вазифаларни юклаш, меҳнат шартномаси шартларида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларидан ташқари вазифаларни бажаришга ундаш мумкин эмас.
Ўқитувчилар таътил вақтида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг билимларини мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ дарс машғулотларидан ташқари тадбирларни амалга ошириши мумкин.
Шунингдек, ҳар бир педагог ходимнинг лавозим мажбуриятлари ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган вазифалар билан бир қаторда ўқувчиларнинг қобилият ва истеъдодларини ривожлантиришни назарда тутган ҳолда, фанларни ўзлаштиришда қийналаётган ва иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида машғулотлар олиб бориши ҳамда ўз устида мустақил ишлаши мумкин.