АсосийJamiyat

"Марказлашган тизим орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб бериш бирмунча машаққат, меҳнат ва харажатларни талаб этади", – "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Шохрухали Садиллаев

'"Марказлашган тизим орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб бериш бирмунча машаққат, меҳнат ва харажатларни талаб этади", – "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Шохрухали Садиллаев'ning rasmi

Табиат инъом этган энг катта неъматлардан бири бу –сув. Сув бўлганда ҳам, айнан ичимлик суви. Сайёрамизнинг 70 фоизи сувликлардан иборат бўлсада, унинг атиги бир фоизи истеъмолга яроқли. Бу жуда ёмон. 

Айтиш жоизки, дунё аҳолисининг чорак қисми истиқомат қилувчи 25 давлатда ҳар йили сув танқислиги кузатилади. Узоққа бормайлик. Ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви муаммоси йилдан йилга кучайиб бораётгани сир эмас. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолишимиз мумкин. 

Ҳукумат томонидан юртимизда сув танқислигини олдини олиш, уни тежаш ва энг муҳими мавжуд сув захираларимизни келажак авлодга етказиш учун бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Сув омборлари қуриляпти, сувдан ноқонуний фойдаланганлик учун жазо чоралари кучайтириляпти, аҳоли орасида тарғибот ишлари олиб бориляпти ва мана охирги ислоҳотлардан бири ичимлик суви нархларини ошириш орқали уни тежашга эришилмоқда. 

Хўш, ислоҳотлар самарасини берадими, тарифлар ниманинг ҳисобига ошириляптию, турли ҳудудда турлича? "Ўзсувтаъминот" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Шохрухали Садиллаев саволларимизга жавоб берди. 

Ичимлик суви таърифлари ниманинг ҳисобига шакллантирилади?

– Ўзбекистон ҳудудида ичимлик суви таъминотининг 42 фоизи ер ости ва 58 фоизи ер усти сув манбаларидан ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда марказлашган тизим орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиб бериш бирмунча машаққат, меҳнат ва харажатларни талаб этади.

Ўзбекистон Республикаси 784-сонли ичимлик суви қонунига асосан ичимлик ва оқова сув тарифлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади ва монополияга ва молия органлари хулосалари асосида ҳудудий халқ депутатлари кенгашлари томонидан белгиланади.

Ичимлик суви тариф даражалари шакллантирилиши кўплаб омилларни ҳисобга олади. Тарифлар ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларининг аҳоли пунктларигача узоқлиги, сув манбаларининг чучуклиги ва шўрлиги, қаттиқлик даражасига қараб қайта ишлаш харажатлари шунингдек, электр энергия, иш ҳақи, реагентлар, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, амортизация ажратмалари, ХМИ кредитлари қайтариш харажатларидан ташкил топади.

Республикада 1 метр/куб ичимлик суви учун ўртача тариф аҳоли истеъмолчилари учун 1 384 сўм, бюджет ташкилотлари учун 2 851 сўм ва бошқа улгуржи истеъмочиларга 3 187 сўм, 1 метр/куб канализация хизматлари бўйича ўртача тариф аҳоли истеъмолчилари 888 сўм, бюджет ташкилотларига 1 669 сўм ва бошқа улгуржи истеъмочиларга 2 001 сўмни ташкил қилади.

Республика бўйича аҳолига энг арзон 1 метр/куб тариф қиймати Тошкент шаҳрида 400 сўм, энг қиммат тариф қиймати Навоий вилоятида 3 000 сўмни ташкил этади.

Бугунги кунда ичимлик суви тарифи аҳолига марказлашган тармоқлар орқали 1 литр сув 1 сўм 38 тийинга етказиб берилмоқда. Савдо дўконларида эса 1 литр пластик қадоқдаги сув ўртача 3000 сўмни ташкил этмоқда. Бундан кўринадики, 2 200 баравар арзон ёки савдо дўконларида ҳарид қилинадиган 1 литр сув пулига Тошкент шаҳрида 7 минг литр ичимлик суви етказиб берилади.

Маълумот сифатида, 1 метр куб ичимлик сув тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, Хорижий молия ташкилотларининг жалб этилган кредитларини қайтариш харажатлари 21 фоизни, иш хақи харажатлари 29 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлари 4 фоизни ташкил этади.

Ичимлик суви таърифлари нега бир хил эмас?

– Ичимлик суви ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатлари фарқланиши ҳисобига, тарифлар ҳар бир вилоят ҳудудларида ҳар хил ташкил этади.

Мисол учун, Тошкент шаҳрига ичимлик суви Бозсу канали орқали ва Андижон вилоятига эса Кампировот сув омборидан ер сатҳининг фарқи ҳисобига ўзи оқар тарзида етказиб берилади.

Навоий вилоятида ичимлик суви истеъмолчиларга сув таъминотининг 70 фоиздан ортиғи Самарқанд вилоятидаги сув иншоотидан ичимлик сув қувурлари орқали етказиб берилади. Бунинг натижасида электр энергия камида 2 баробар кўп сарфланади.

Наманган вилояти ўзининг географик жойлашуви бўйича мураккаб рельефли ҳудудда жойлашган бўлиб, асосий аҳоли пунктлари жойлашган худуд паст - баландликлардан иборат. Бу ўз навбатида ичимлик сувини истеъмолчиларга насос агрегатлари орқали 4-5 маротабагача кўтариб узатилиши натижасида катта микдорда электр энергия сарфига олиб келмоқда. 

Шунга кўра, ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси харажатларининг улуши Тошкент шаҳрида 24 фоиз, Aндижонда 14 фоиз, Наманганда 35 фоизни ташкил этади.

Осиё ва Европадаги тариф миқдорлариқанча?

– Марказий Осиёда ичимлик суви учун тўлов нархи энг юқори мамлакат Қозоғистон ҳисобланади. Мамлакатда ҳудудларга қараб аҳолига 1 м3 сув учун 73 тенгедан (1 905 сўм) 304 тенгегача (7 934 сўм) белгиланган. Тожикистон аҳолиси эса 1 сомонидан (1061 сўмдан) 1,73 сомонигача (1835 сўм) белгиланган.

Дунёдаги энг қиммат ичимлик сув учун тарифлар Европа давлатларида белгиланган. Хусусан, Норвегияда 5,51 евро (71 минг.сўм), Германияда 4,67 евро 
(60 минг.сўм), Данияда 4,43 евро (57 минг.сўм) ва Нидерландияда 3,99 евро (51 минг.сўм).

Ичимликк суви тарифларинега ошди?

– Биринчидан харажатларнинг ошгани.

Тариф даражалари сўнгги 3 йилда ўзгаришсиз сақланганлигинатижада ўрта ҳисобда 40 фоизга ошган таннарх ҳаражатлари ҳисобидан 960 млрд.сўм қопланмасдан қолганлиги;

  • “Ягона биллинг тизими”ни жорий этиш, шунингдек, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сўнгги 3 йилда амалга оширилган янги лойиҳалар ҳисобидан истеъмолчилар сонининг 3,2 млн. нафарга (808 минг абонент) ошганлиги;
  • Соҳа ходимларини иш хақи миқдорлари сўнгги 3 йилда ўртача 
    1,3 млн.сўмдан 1,4 млн сўмга ёки атига 10 фоизга ошганлиги;
  • Соҳага сўнгги 3 йилда давлат томонидан 9,7 трлн.сўм маблағлар ҳисобига 18,6 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳамда 1 744 та иншоотлар қуриш ишлари олиб борилганлиги;

Жумладан, Қашқадарёда 1,1 трлн.сўм (2,4 минг км тармоқ ва 173 та иншооти), Сурхондарёда 1,3 трлн.сўм (1,8 минг км тармоқ ва 98 та иншооти), Тошкент вилоятида 1,2 трлн.сўм (1,9 минг км тармоқ ва 311 та иншоот).

  • Халқаро молия институтларининг лойиҳалари давомида 410,3 млн.доллар ўзлаштирилганлиги (жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 106,7 млн.доллар, 24 та лойиҳа доирасида);

Қашқадарёда 19,2 млн.доллар ва Тошкент вилоятида 147 млн.доллар.

  • Қўшимча объектлар ҳисобига ишлаб чиқарилган сув хажми 
    2020 йилга нисбатан 2022 йилда 243 млн.метр кубга ёки 15 фоизга ошган. Электр энергия сарфи сарфи ҳам 70 млн.кВт.соатга (32 млрд.сўм) ошган.

Таъминланлик даражаси 2021 йил бошида республика бўйича ўртача 65,1 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 74,4 фоиз.

Албатта, юқоридаги кўрсатилган лойиҳалар доираси электр энергия, иш хақи, реагентлар, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича қўшимча сақлаш харажатлари юзага келган. Бу харажатлар 3 йил олдин тасдиқланган амалдаги тарифларда кўзда тутилмаган.

Иккинчидан сув исрофини камайтириш.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда сув нархи арзонлиги боис уни исроф қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Европа давлатларида сув нархи қимматлиги сабабли уни тежаш, сувдан унумли ва тўғри фойдаланиш даражаси юқори.

Нархларни ошиши биринчи навбатда сув исрофини камайтириш ва бозор нархларни жорий қилиш орқали, ундан унумли фойдаланиш даражасини ошириш назарда тутилмоқда.

Ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланиш ёки уни қасддан исроф қилиш қандай жавобгарликка сабаб бўлади?

– Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги 6-сон қарорининг 1-бандига кўра жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси иккинчи қисмини “д” ва “е” бандларига асосан ўғрилик: 

д) умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан;

е) умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд совуқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бугунги кунга қадар иккита ҳолатда, фуқароларга нисбатан айни йўналишда жиноий иш очилиб, 3 ва 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш чоралари кўрилди. 

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ичимлик суви тармоқларига ноқонуний, манфаат топиш мақсадида уланиш эндиликда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шундай экан, ичимлик сувидан ноўрин фойдаланиш, ноқонуний уланиш, уни беҳудаги исроф қилиш нафақат бебаҳо ресурсга нисбатан ҳурматсизлик, балки мамлакатнинг сув сиёсатига нисбатан хиёнатдир. 

 

    Бошқа янгиликлар