1

“Тоғамга келин бўлганимдан афсусдаман”

МУТОЛАА 07.11.2016, 12:03
Теглар: Юрагимда сақлаганларим, Аёл, Оила, Эр-хотин, Келин
“Тоғамга келин бўлганимдан афсусдаман”

Асрор ака билан орамиздаги фарқ тўрт ёш эди. Ака-сингилдек катта бўлганмиз. Келинойимнинг ҳам, тоғамнинг ҳам феъл-атвори ҳавас қиларли бўлгани учун оилавий борди-келдиларимиз яхши эди. Тоғамнинг қиз фарзанди бўлмагани сабаб болалигимдан мени қизидек кўрган. Келинойим доим уйига олиб кетар, чиройли кўйлаклар тикиб берар, «Зумрад, менинг олтин қизим», дея эркаларди. Ёшим улғайгани сари муносабатлар ҳам улғая бошлади...

Аввалига келинойимга уй юмушларида қарашиб юрдим, кунлаб, ҳафталаб уларникида қолиб кетардим. Бу орада жигари хасталанди, мен эса янада боғланиб қолдим. Тоғаваччамлар ҳам менга сингилдек муносабатда бўлишар, «Ҳой Қимматхон, кўйлагимни дазмоллаб берсанг, сенга уни олиб бераман, буни олиб бераман», дейишарди. Йиллар ўтиб тоғамнинг хонадонига келин келди. Келинойим билан тоғам эса келинчакка «Зумрад, бизнинг ҳам қизимиз, сизга сингил бўлади» деганларида хурсанд бўлдим. Мактабни тугатиб шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Тоғамнинг меҳри товланиб, ҳатто бир йиллик шартнома пулини тўлаб ҳам берди. Бу меҳрнинг, кўмакларнинг бир куни тўлови борлигини хаёлимизга ҳам келтирмай, тоғамнинг ҳимматларидан хурсанд бўлиб юраверибмиз. Учинчи босқични тугатаётганимда тоғам рафиқаси билан хонадонимизга тугун тугиб келганида ҳаммаси ойдинлашди. «Ўзимизнинг кўз олдимизда ўсган қиз. Бунинг устига, мана, шартнома асосида ўқитаяпсизлар, ўзимиз тўлаймиз. Опа, почча, Асрорга беринглар Зумрадни», дейишди. Табиийки, ота-онам дарров рози бўлишди. «Шундай яхши оила, ўқимишли, топиш-тутиши яхши йигит. Қизимизнинг бахти бор экан», дея мендан кўнгил ҳам сўрашмади. Аммам «Ука, қариндош билан қуда бўлишнинг ҳам ўзига яраша томонлари бор. Зумрад билан Асрор ака-сингилдек гап. Бунинг устига, кўнгил бўлмаса, қийин оилада…», дея анча жон койитди. Аммо на онам, на отам қулоқ солди бу ёнишларга. Аммам ҳам охири «Ўзларинг биласизлар, муносабатларни мустаҳкамлайман деб, қариндошчилик ипларини ҳам узмасанглар бўлди», дея қўл силтади. 

Шу билан тўй тараддуди бошланди. Менинг ичимдаги ғалаёнлар ҳам. Чунки Асрор акамнинг феълини яхши билардим. Болаликдан бирга ўсганим учун у доим ўзи истаган ишларни бажарар, оддийгина ўзига ёқмайдиган овқат пишса ҳам, емай, очлик эълон қиларди. Мен эса нафақат унинг феълини, кўнглидагиларни ҳам билардим. Асрор акам мактаб давридан синфдош қизини севар, аммо буни ҳаммадан пинҳон тутарди. Ҳаммаси ошкор бўлгач эса келинойим у қизни келин қилишни истамаган. Сабаб, онаси икки марта турмуш қурган экан. Тиш-тирноғи билан бу муҳаббатга қарши туришиб, кўзлари остида ўсган мени келинликка танлашган. Аммо Асрор акамнинг кўнглини ҳеч ким менга иситиб беролмади. Ўзим ҳам.

Ака-сингиллигимизда менга меҳрибон киши тўйдан кейин тирноғим остидан кир қидирадиган бўлди. Ҳеч ишимдан кўнгли тўлмасди. Ҳатто уч ойлик келинчаклик пайтимда қўл ҳам кўтарди. Жаҳли чиққанида мен ҳам келинойимнинг пинжига яширинардим. У киши ҳам ё мен тараф, ё ўғли тараф бўлолмай, қийналиб кетарди. Ҳомиладорлигим маълум бўлгач, муносабатлар сал илигандек бўлди. Бироқ тақдир менга оналик бахтини ҳам кўп кўрди. Илк муродимиз ногирон туғилди-ю кўп яшамай оламдан ўтди. Зор қақшаб қолавердим. Ҳамма кўнглимга қарар, мен эримдан таскин кутардим.

Орадан икки йил ўтиб, қиз фарзандли бўлдик. Кўз тегмасин, соғ-саломат. Бироқ шундан кейин яна бир ҳомиламдан ногирон туғилиш эҳтимоли кучлиги бўлгани учун айрилдим. Ўғил экан. Юракларим эзилиб кетди. Шифокорлар бу йўқотишларга қариндошчилик ўртасидаги никоҳ ва ҳомиладорликдаги сиқилишларни сабаб қилиб кўрсатишди. Воқеалар муносабатимизга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Биз кундан-кун эр-хотинга эмас, мажбуран яшаётган икки бегонага айланаётгандик. Эримнинг калтакларидан тўйиб бир неча бор ота уйимга ҳам кетганман. Ота-онамнинг «Тоғанг билан келинойингнинг олдида бизни шарманда қилма», деган қистовларидан кейин яна бошимни эгиб қайтардим. Охири Асрор акамнинг ўзи «Мен барибир кўнглим йўқ инсон билан яшолмайман. Уйингга кет, уйланаман», деб олдига солиб ҳайдади. На тоғам — қайнотам, на келинойим — қайнонам уни тўхта олди. Кетаётган мен-у, улар ўғлини жаҳлидан тушириш билан овора. Гўёки мен эрим нима деса ҳам, қандай муносабатда бўлса ҳам, чидаб яшайдиган, тўғрироғи, чидашга мажбур келинман. Ҳар қандай мажбурияту чидамнинг ҳам чегараси бор. Мен ҳам одамман.

Мана, олти ойдан буён ота уйимдаман. Эрим ярашишни истамаяпти. Ўзим-чи? Ўзим бешга кириб қолган қизим учун оилам бузилмаслигини истаяпман. Ота-онам эса бизнинг тақдиримиздан ҳам кўпроқ тоғам билан муносабатлари дарз кетишидан қўрқишаётгандек. “Ажрашмайсан, бор эрингнинг уйига”, деб уришишади. Қайтиб борганим билан яна ўша мажбурий ҳаёт бошланадими? Бизни энди на ака-сингиллик, на эр-хотинлик ришталари боғлайди… Фақат қизимнинг отасиз ўсмаслиги учун турмуш ўртоғим ярашиш таклифини билдирсагина, рози бўлишим мумкин. Бироқ бунга ҳам кўзим етмайди... 

Тақдиримиз яна ота-онамизнинг қўлида. Тушунаман, улар ҳам фарзандларининг оиласи бузилишини исташмайди. Бизни эса тўйимиз бўлаётганда тушунишмаган, эндиликда тушунтиришлар орқали муаммолар ҳал бўлмайди...

Шарҳлар

⚡️Фарғонада 20 ёшли ўғил хотини билан жанжаллашган онасини пичоқлаб ўлдирди (видео)

07.03.2023, 13:30

Фарғонада 20 ёшли ўғил оилавий келишмовчилик сабаб ўз онасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда "zamon" информацион дастурида хабар қилинди. Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар "Дўстлик" маҳалласида яшовчи...
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1