АсосийJamiyat

Бу йил иқтисодиётда хизматлар улуши 43,5 фоизга етиши кутилмоқда

'Бу йил иқтисодиётда хизматлар улуши 43,5 фоизга етиши кутилмоқда'ning rasmi

Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала хизмат кўрсатиш ва туризм имкониятларини янада кенгайтириш бўлди.

Давлатимиз раҳбари бу йил иқтисодиётда хизматлар улуши 43,5 фоизга етиши кутилаётгани, лекин бу етарли эмаслигини таъкидлади.

Ўтган 11 ойда 421 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу ўтган йилга нисбатан 13,6 фоиз кўп, холос.

Айниқса, Гулистон, Нурафшон, Янгиер, Янгийўл, Термиз, Хонобод, Нукус, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарларида ўсиш 10 фоиздан кам, Пешку, Учкўприк, Асака ва Пискент туманларида 4 фоиз ҳам бўлмади.

Соҳалар кесимида таҳлил қилганда, бугунги кунда молия, транспорт, савдо, туризм, таълим, тиббиёт ва “Ай-Ти” жами хизматлар ҳажмининг 85 фоизини бераяпти.

Жорий йилда молиявий хизматлар ҳажми 20 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Яқинда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Бизнесни ривожлантириш банки ҳамда ўрта бизнес учун Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил қилинди.

Шунингдек, илк бор базавий банк хизматларини кўрсатувчи микромолия банклари ишга тушади. Уларга аҳолидан депозит қабул қилиш, тўловлар ўтказиш, хорижий валютада қарз маблағлари жалб қилишга рухсат берилмоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, келгуси йилда молиявий хизматларда 30 фоиз ўсиш қилиб, унинг ҳажмини 140 триллион сўмга етказиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгуси йилда халқаро капитал бозорларида 500 миллион долларлик “евробонд” жойлаштиришга кўрсатма берилди.

    Бошқа янгиликлар