15 декабрь куни Тошкент шаҳрида «Тадбиркорликда таъминот занжири бўйича инсон ҳуқуқларига риоя этилишини қўллаб-қувватлашдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу давра суҳбати «2023-2024 йилларда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича йўл харитаси» ва «Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш учун миллий институционал асосларни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унда 30 дан ортиқ давлат ташкилоти ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Анжуманнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси в.б. Зильке Клёвер, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчисиТило Клиннер ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро алоқалар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов сўзга чиқди.
Аввало ҳозирги даврда тадбиркорлик соҳаси таъминот занжирида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни таъминлашда давлат органлари вакиллари ва бизнес тузилмалари ўртасида тажриба алмашиш ва мулоқотни йўлга қўйиш масалалари нечоғлик долзарб эканлиги таъкидланди. Бунда бизнес тузилмалари ўз фаолиятининг турли босқичларида инсон ҳуқуқларига риоя қилишда дуч келаётган қийинчиликларни фаол аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
А.Саидов БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 67-банди барча тадбиркорларни барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал қилиш учун ўзларининг ижодий ва инновацион салоҳиятидан фойдаланишга чақиришини қайд этди. Шу маънода, Барқарор ривожланиш мақсадлари 2022 йилдан бошлаб юртимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида кенг қамровли ислоҳотлар билан бевосита уйғунликда амалга оширилмоқда.
Чунки ушбу халқаро ҳужжат билан ҳар икки дастуриламал миллий стратегиядаги мақсад ва вазифалар бир-бирига тўлиқ мос келади. Хусусан, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида: барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўриш олиш; аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш; аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш; халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлат барпо этиш; мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғоялар акс этгани буни яққол тасдиқлайди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Котибияти мутахассислари фаол қатнашди. Шунингдек, Екатерина Горбунова, Шоҳрух Пўлатов, Андреа Сальвини ва Рут Пожман каби хорижий экспертлар мавзу юзасидан сўзга чиқди.
Давра суҳбати доирасида тадбир иштирокчиларига инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишда бизнес соҳасида дуч келинаётган муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда янада адолатли, барқарор ва ахлоқий бизнес дунёсини қуриш учун амалий ечимларни ўрганиш имкониятлари яратилди.