Болаликнинг энг беғубор дамларини эслатувчи Янги йил байрами ҳар биримизга ўзгача кайфият беради. Бу байрамболалик хотиралари билан боғлиқ бўлгани учун ҳам қадрли. Юлдузларимиз болалигидаги Янги йил байрамини қандай хотирлайди? Улар Қорбобога қанчалик ишонишади? Қорбободан олган совғаларини эслай олишадими?
“Боғчада энг чаққон эдим...”
Аъло Раҳимова, хонанда: — Албатта, болаликда ҳамма ҳам Қорбобога ишонади, хусусан, мен ҳам. Улғайганим сари бу нарса болани хурсанд қилиб овунтириш, уларни яхшиликка ишонтириш учун ўйлаб топилган нарса эканлигини билганман. Албатта, бу нарса ёқлайман, болани мўъжизаларга ишонтириш керак.
Қорбободан олган энг эсда қоларли совғам: чиройли мушукча расми тушурилган сумкача. Ҳозир ҳам жуда хурсанд бўлиб эслайман. Ўша пайтларда ҳам боғчада энг қувноқ, байрамларда биринчилардан бўлиб қатнашадиган қиз эдим. Шу сабабдан ҳам яхши совғалар олар эдим.
“Кўп нарса кутардим...”
Шароф Муқимов, хонанда: — Болалигимда Қорбобога ишонардим, ундан кўп нарса кутардим. Лекин кўпинча сўраган нарсаларимни ололмаганман. Болалигимда Қорбободан нимани сўраган бўлсам, ўша нарсаларни катта бўлганимда ўзим учун совға қилганман. Қанақа автомобилларни орзу қилган бўлсам, ҳаммасини олдим. Шунчаки ҳавас қилганларимнинг барчасига эришдим. Масалан, у автомобиллар мен сотиб олган пайтимда умуман русумда эмасэди, лекин болалигимдаги орзум бўлгани учун уларни сотиб олганман. Айтмоқчи бўлганим, ният қилавериш керак, бир куни албатта, амалга ошади.
“Ҳозир ишонтириш қийин”
Дилноза Исмияминова, хонанда: — Албатта, ишонганмиз. Шунинг учун Янги йилни интиқлик билан кутардик. Боғчада ширингина конфет бўлиб саҳанага чиққанман. Қорбобони кутганим, жудаям ишонувчан бола бўлганимни эслайман. Ҳозирги болаларзни нимагадир ишонтириш жуда қийин. Тўғри, биз ҳам, уйга, боғчамизга келган Қорбобо кимдир эканлигини билардик, лекин ҳақиқий Қорбобо борлигига, у шунчаки бизникигача келолмаётганлигига ишонардик. Энг кутадиган совғам ширинликлар бўларди. Жуда кўп ширинликлар беришарди. Менимча, ўша пайт ширинликка тўйиб олган бўлсам керак, ҳозир унча ёқтирмайман.
“Бир воқеа эсимда...”
Рухшона, хонанда: — Биласизми, биз болажон халқмиз, балки шунинг учун ҳам мўъжизаларга ишонувчандирмиз. Шахсан мен мўъжизаларга ишонаман. У бор нарса. Ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқаси ўзи мўъжиза, мана шу ерда сиз билан гаплашиб турганим ҳам мўъжизанинг бир кўринишидир. Лекин Қорбобога ишончим эрта сўнган, тез улғайганман. Қорбободан айнан қайси совғаларни олганимни аниқ эслолмайман. Лекин қорбобо билан боғлиқ алоҳида воқеа ёдимда. Уйимизга қорбобо қаердан киришини билиш учун кечаси билан ухламаганман. Туни билан Қорбобони пойлаб чиққанман. Лекин тонгга яқин онам арча тагига совға қўйганларини кўриб қолганман. Шундай бўлса ҳам, эрталаб онамнинг кайфиятларини тушурмаслик учун арча тагида қолдирилган совғани ҳайрат билан очганман.
“Кўчага чиқиб чақирардим...”
Бобур Мансуров, актёр: — Болалигимдаям ҳозиргидек шўх, кўркам йигит бўлганман. Ҳар йил Янги йилда кўчага чиқиб Қорбобони бақириб чақирардим. Совуқда анча пайт кўчада қолсам ҳам, менга таъсир қилмасди. Бақириб-чақириб, охири чарчаб уйга кирардим. Ҳозир шу воқеаларни кулиб эслайман. Лекин Қорбобо келмаган, ҳалиям кутяпман. Кўриб қолсангиз, Бобур сизни кутяпти деб айтиб юборинглар. Бизникига ҳам келсинлар.
“Кимлиги қизиқ эди...”
Дилсўз, хонанда:— Кичкиналигимда қорбобо олиб келган совғадан кўра, қорбобо бўлиб ким келганига кўпроқ қизиқардим. Одатда, қорбобо ўзимизнинг қайсидир танишимиз бўларди. Болаларимни ҳам қорбобога ишонтира олмаганман. Бугунги кун болалари анча зийрак, уларни кўп нарсаларга ишонтириш анча қийинроқ. Лекин Янги йил бизни болалигимизни, эртакларни эсга соладиган байрамлиги учун ҳам уни жуда яхши кўрамиз ва ҳар доим оила даврасида кутиб оламиз.
Энг эсда қоларли совға...
Маъмур Холмедов, сўз устаси: — Болалигимда Қорбобога ишонганман. Йил давомида ақлли бола бўлиб, Янги йилда совға кутардим. Энг эсда қоларли олган совғам Қорбобо номли дадамдан олган "Автомат" ўйинчоғи эди. Энг қимматбаҳо олган совғам эса, пулт ёрдамида бошқариладиган ўйинчоқ машина. Афсуски, ҳамма йигитлар каби у ўйинчоқни ўйнашдан кўра қандай ишлашини билиш учун ичини очиб ташлаганман. Ҳозир Қорбобо йўқлигини аниқ биламан, лекин қайнотам бор, умрлари узоқ бўлсин. Нима сўрасам, олиб бераяптилар, раҳмат! Албатта, ҳазил.
“Талашиб-тортишардик...”
Ботирхон Имомхўжаев, сўз устаси: — Болалигимда доим арча олдига қўйилган совғаларни очишни кутиб турардим. Эрталаб вақтли туриб ака-укалар талашиб совға олардик, бу ҳам бир завқ берарди. Тўғрисини айтиш керак, байрамлар жуда кўп, ҳар хил байрамлар бор, лекин Янги йил барибир бошқача байрам. Эртакларни эслатадиган, болаликка қайтарадиган, оилавий кутиб оладиган ўзгача байрам. Аввало, ҳар битта байрам тинч юртга ярашади. юртимиз тинч бўлсин, дунё тинч бўлсин...
Болалигимда ҳар йилги олган совғамни яхши эслайман. Шулардан биттаси, мандарин мевалари ва ширинликлар эди. Энг қизиқ томони болалигимдаги шу совға солинган идиш опаларимнинг уйида ҳали ҳам турибди. Уни нина соладиган идиш қилиб қўйишган. Ўша идишни йилнинг қайси пайтида кўрсам ҳам,Янги йил байрами эсимга тушади.
НАЗИРА тайёрлади






