АсосийJamiyat

Тошкент бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланмоқда — Ҳокимлик

'Тошкент бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланмоқда — Ҳокимлик'ning rasmi

Озиқ-овқат, деҳқон ва буюм бозорларидаги сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг санитария-гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш мақсадида, Тошкент бозорларида қурилиш ва реконструкция ишлари бошланмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу ишларнинг биринчи босқичида, пойтахтнинг барча бозорларига маҳсулотларни асосий етказиб берувчиси бўлган Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида реконструкция ишлари бошланади. 

Қайд этилишича, бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда.

Реконструкция даврида тадбиркорлар ўз фаолиятини “Food city”, “Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларида ташкил этилган қулай шароитларда давом эттирилиши таклиф қилинади.

Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.

Шунингдек, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида «Қўйлиқ» массивидан бозор ҳудудигача йўл кира хаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди.

Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходимларни “Food city” ва “Tashkent city” савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.

 

    Бошқа янгиликлар