Тошкентда сўнгги кунларда эрталаб ва кечқурун туман тушиши кузатилмоқда. Бу ҳавонинг ифлосланиши, чанг билан боғлиқ экани ҳақида хабарлар тарқалгач, “Ўзгидромет” ҳолатга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 12 январдан 16 январгача ёғингарчилик бўлиши кузатилди, ҳаво намлиги 90-100 фоиз бўлди. Бундай ҳолат эса туман пайдо бўлиши учун қулайдир. Ёмғирдан сўнг намланган тупроқ ва салбий ҳаво ҳарорати туман тушиши учун қулай шароитларни сақлаб туради. Туман ҳодисалари атроф-муҳит ифлосланиши кўрсаткичлари юқорироқ бўлишига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Тошкентда 16 январдан 18 январгача кечаси ва эрталабки соатларда туман тушиши кузатилди.
18 январь соат 09:00 даги атмосфера ҳавоси мониторинги автоматик стансиялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги ПМ10 дисперсли заррачалари ва Углерод оксиди CО (автотранспорт ва саноат корхоналари чиқиндилари) миқдори рухсат этилган меъёрдан ошмади. ПМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори эса 44,6 мкг/м3 ни ташкил этиб, ЖССТ тавсияларидан (5 мкг/м3) 8,9 марта ошди.
“Ўзгидромет” Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини камайтириш ва республикада экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича таклифлар киритилганини эслатиб ўтди.






