Урганч шаҳридаги "Хоразм Равон транс" МЧЖнинг енгил такси ҳайдовчилари байрам кунлари шаҳар ичи йўналишларида ҳомиладор аёллар ва ногиронларни бепул манзилига етказиб келмоқда. Бу ҳақда Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги хабар бермоқда.
"Бу ташаббус корхона раҳбарияти ва ҳайдовчиларнинг ўзларидан чиққан. Йил бошидан бери ҳар байрамда корхонага қарашли йўналишсиз такси автомобиллари шаҳар ҳудудида ногиронлар ва ҳомиладор аёлларга текинга хизмат кўрсатмоқда. Савобталаб автотранспортчилардан аҳоли жуда мамнун: ҳайдовчилар ушбу "акция" йўлга қўйилганидан бери йўловчиларнинг уларга нисбатан айрича ҳурмат билан қарай бошлаганини, ҳар қадамда мақтов ва дуоларга сазовор бўлаётганларини айтадилар", дейилади хабарда.
"Хоразм Равон транс" МЧЖ раҳбарияти эндиликда туғруқхонадан "янги меҳмон" билан чиққан ёш оналарни уйларига бепул етказиб қўйишни ташкил этиш ниятида.
"Хоразм Равон транс" МЧЖ кўп йиллардан буён шаҳарда йўловчи ташиш билан шуғулланади. Ҳозирги кунда мазкур корхона тасарруфида 26 та енгил автотранспорт воситалари мавжуд.