Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бошланди.
Президентимиз комплексга кирувчи вазирлик ва идоралар олдида турган уй-жой ва қурилиш соҳасидаги энг долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Бу йил инвестиция дастури доирасида 1 минг 637 та инфратузилма объектини қуриш белгиланган.
Лекин соҳа ёки ҳудуд раҳбарлари бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш бўйича намуна бўладиган тизим яратмагани қайд этилди.
Қурилишларга ажратилган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш, талон-тарож ва ўғрилик ҳолатлари кўрсатиб ўтилди.
Айрим қурувчи тадбиркорларнинг яширин ишлашига ёки бундай ишлашга мажбур қиладиган шарт-шароитлар борлиги таъкидланди.
Масалан, бугунги кунда лойиҳа ташкилотлари объект қийматини имкон қадар “шиширишга” ҳаракат қилаётгани қайд этилди. Сабаби, лойиҳа қанча қиммат бўлса, лойиҳачи шунча кўп пул олади.
Шу боис, аксарият лойиҳаларда кераксиз хизматлар, ортиқча ҳашамат қўшиб киритилмоқда.
Масалан, 2023 йилда лойиҳаларда 3 триллион сўмлик бундай кераксиз харажатлар олди олинди.
Аксинча, иқтисод қилишга келганда, қурувчиларнинг иш ҳақи ва асосий қурилиш материаллари нархи бозордан паст нархларда ҳисобланмоқда.
Буларнинг ҳаммаси қурувчи-пудратчиларни “обнал” ва “ўғирлик” қилишига, сифатсиз қурилиш материалларини ишлатишига шароит яратаётгани, "яширин" қурилиш материаллари бозори вужудга келгани қайд этилди.
Ҳоким ва прокурорлар вазиятга эътиборсизлиги қаттиқ танқид қилиниб, уларнинг бу борадаги қатъий жавобгарлиги белгиланди.
Амалдаги лойиҳалаш жараёнлари ва қурилиш ишлари “ресурс усули”га асосланган.
“Ресурс” усулида 1 та мактаб қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган.
“Ҳажм усули”да эса пудратчидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни ўз вақтида ва сифатли топширса бўлди.
Бундан ташқари, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турибди.
Эндиликда лойиҳа қилишдан бошлаб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар ҳам, уларнинг назорати ҳам янгича ташкил этилади.
Энг аввало, келгуси йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилишда “ресурс усули”дан воз кечилиб, “ҳажм усули”га ўтилади.
Бу тартиб 1 июлдан йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилиниши белгиланди.






