АсосийJamiyat

Транспорт вазири ва унинг биринчи ўринбосари, ИИВ ЙҲХХ бошлиғи ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” раиси ҳайфсан олди

'Транспорт вазири ва унинг биринчи ўринбосари, ИИВ ЙҲХХ бошлиғи ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” раиси ҳайфсан олди'ning rasmi

Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бошланди.  

Ушбу тизимда 3 та вазирлик ва идора, 3 та инспекция, 5 та компания, ҳудудларда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари борлиги, пойтахт ва Тошкент вилояти ҳокимларига қурилиш ва коммунал соҳага алоҳида ўринбосар берилганига қарамай, бу комплекс халқимиз энг кўп норози бўлиб мурожаат қиладиган соҳалардан бири экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиб, қурилиш нормаларини янгилаш, ичимлик суви таннархи ва тармоқдаги йўқотишларни камайтириш, маҳаллий авиарейсларни кўпайтириш, Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканлигини қайд этди.

Шу муносабат билан транспорт вазири И.Маҳкамов, унинг биринчи ўринбосари М.Омаров, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи О.Саидов ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси А.Жўраевга ҳайфсан эълон қилинди ва охирги огоҳлантириш берилди.

Президент раислигидаги йиғилишда Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Адиз Музаффарович Бобоев Ҳисоб палатаси раиси лавозимига, палата раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани эълон қилинди.

Шунингдек, йиғилишда транспорт тизимини рақамлаштириш, йўл қурилиши ва эксплуатациясига хусусий секторни жалб қилиш, темир йўлда юк ташиш автомобилга нисбатан 3 баробар кўп вақт талаб қилаётгани, ҳаво ифлосланишини олдини олиш бўйича илмий асосланган таклиф ва ҳисоб-китоблар қилинмаётгани бўйича тегишли вазирлик ва идоралар фаолиятидаги қолоқликлар кўрсатиб ўтилди.  

Комплекс таркибига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди.  

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимларида қурилиш ва коммунал хўжалигига жавоб берадиган 1 нафар ўринбосар бўлиши қарор қилинди.

    Бошқа янгиликлар