Айни пайтда Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда уй-жойларни сақлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Жойлардаги бошқарув компанияларининг фаолияти кўп ҳолларда қониқарсизлиги, 20 мингта кўп қаватли уйлар аҳолиси уларнинг ишидан норози экани қайд этилди.
Бошқарув компаниялари ва ширкатларнинг қайтарилмаган кредити ва дебитор қарздорлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Шу муносабат билан мутасаддиларга бошқарув компаниялари фаолиятини соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди.
Умуман, электр, газ, сув, иссиқлик, чиқинди, “квартплата”, солиқ тўловлари бўйича хонадоннинг ягона биллинг ҳисоб-рақамини жорий қилиш вақти келгани қайд этилиб, хорижий тажриба асосида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳозирда кўп қаватли уйлардаги 2 мингта ертўла тадбиркорларга ижарага берилмасдан, бўш ётибди.
Ваҳоланки, бу орқали маҳаллаларда 20 мингта иш ўрни яратиш ва ижарадан йилига 150-200 миллиард сўм қўшимча даромад топиш мумкин.
Энди кўп қаватли уйлар ертўласи ва бўш жойларини ижарага беришни янги тартиби жорий қилинади. Бунда:
- ертўла ва бўш майдонлар ҳақида маълумотлар рақамлаштирилиб, “Менинг уйим” тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва ташаббускорларга очиқ эълон қилинади;
- ижара тўловлари фақат “Менинг уйим” платформаси орқали ҳисоб-китоб қилинади ва аҳоли учун очиқ бўлади.
Бундан ташқари, комплекс раҳбариятига авария ҳолатидаги уйларни реновация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.






