Ўзбекистон Журналистика ва оммавий ахборот воситалари университети ректори Шерзод Қудратхўжанинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини билмайдиганлар "босқинчи" ёки "аҳмоқ" эканини ҳақида айтган эди.
Россия ТИВси Шерзод Қудратхўжани бу сўзларини "ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас" деб топиб, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчига норозилик билдирди.
14 февраль куни Ўзбекистоннинг Москвадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
ТИВ баёнотида дўст ва иттифоқдош Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Шерзод Қудратхўжанинг фикрига қўшилмаслигига ишонч билдирилган.
Биз бу арбобнинг баёнотини республикамизнинг кўп миллатли халқининг кайфияти билан ҳеч қандай боғламаймиз. Ишончимиз комилки, Ўзбекистонда, худди Россияда бўлгани каби, улар ҳам кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифаларини, жумладан, биринчи навбатда, фашизмга қарши биргаликда олиб борилган кураш ва фашистлар Германияси устидан қозонилган Буюк ғалаба хотирасини авайлаб-асрайди, дея сўз боради унда.
Халқларимиз биргаликдаги меҳнат орқали умумий Ватан — СССРни барпо этгани, бу ерда ҳар бир киши ўзининг асл маданиятини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, рус ва миллий тилларда таълим олиш имкониятига эга бўлгани таъкидланди. Шу билан бирга, рус тили кўп қиррали миллатлараро мулоқот тили сифатида ўзига хос бирлаштирувчи роль ўйнади, дейилади ТИВ баёнотида.
"Ишончимиз комилки, мамлакатларимиз халқлари ўртасида жанжал келтириб чиқариш учун ичкаридан ёки ташқаридан қилинган ҳар қандай уринишлар муваффақиятсизликка учрайди. Умид қиламизки, яқин вақт ичида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юқори мартабали шахснинг жирканч баёнотларига принципиал баҳо берилган расмий изоҳ беради. Эслатиб ўтамиз, Россия ахборот маконида Ўзбекистонга қарата унинг сиёсатига зид бўлган резонансли мулоҳазалар пайдо бўлганда, биз дарҳол расмий даражада улардан узоқлашдик", — дея таъкидланган баёнотда.






