Натижада йўл ҳаракати қоидаларининг мингдан ортиқ бузилиши, инсонлар жароҳатланиши ва ҳалок бўлиши ҳолатлари қайд этилган.
Бош прокуратура маълум қилишича, ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш ҳолатлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида 8 та вилоятда 1 200 нафардан зиёд шахсга ноқонуний равишда “права” берилгани аниқланган.
Терговда маълум бўлишича, ушбу шахсларнинг камида 455 нафари жами 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Шунингдек, 9 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, оқибатда 6 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган, 3 нафар инсон эса ҳалок бўлган.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳайдовчилик малакасисиз ва қонунга хилоф равишда олинган гувоҳномалар йўлларда хавфни кескин оширади. Бу эса нафақат ЙТҲлар кўпайишига, балки инсонларнинг ногирон бўлиб қолиши ёки ҳаётдан кўз юмши каби оғир оқибатларга ҳам олиб келмоқда.
Айни пайтда Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи томонидан барча сохта гувоҳномалар ва уларни расмийлаштиришга асос бўлган ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






