Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг "Qashqadaryo" газетасига интервью берди. Суҳбатда ҳоким Қашқадарё аҳолиси қайси масалаларда кўпроқ мурожаат қилишини маълум қилди.
"Вилоят ҳокими сифатида мен, барча соҳа ва маҳаллий давлат идоралари раҳбарлари Қашқадарёнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун уларга муносиб турмуш шароитларини таъминлаб беришга бурчли эканимизни таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналари орқали вилоят ҳокимлигига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилсак, уй-жой ва ер, моддий ёрдам ва кредит ажратиш, қурилиш, ички йўллар, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, оқова сув, бандлик масалалари кўпроқ тилга олинган.
Шунга кўра, таъмирга муҳтож 2 минг 451 километр йўллар қурилиши ва таъмири учун бюджетдан 877 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилди. 2 минг 327 километр умумфойдаланишдаги ҳамда ички хўжалик йўллари ва 12 та кўприкда қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилди. 805,4 километр ичимлик суви қувурлари тортилиб, 73 та сув иншооти, 59 дона сув олиш қудуқлари қазилди, 54 дона сув кўтариш минораси қурилди. Натижада ўтган йил якуни билан аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 51,6 фоиздан 59,4 фоизга етказилди.
Вилоятда электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 1 минг 84,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари тортилди ва 365 дона трансформатор пункти янгидан қурилди ҳамда 6 минг 552 дона темир-бетон устунлари ўрнатилди. Шу орқали 250 дан ортиқ маҳаллада яшовчи 110 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари, 3 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг электр энергияси таъминоти барқарорлиги ва сифати яхшиланди", - деди вилоят ҳокими.
Қайд этилишича, вилоятда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 55 минг 381 нафар фуқарога 179 миллиард 640 миллион сўмлик турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, "Аёллар дафтари" билан ишлаш тизими доирасида хотин-қизларга 36 миллиард 768 миллион сўмлик ёрдамлар қилинди. 40 минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 7 минг 231 нафардан ортиқ аёл тадбиркорликка ўқитилди ҳамда 3 минг 485 нафарига 32,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. 353 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилган.
"Хонадонлар хатловдан ўтказилиб, мавжуд муаммолар уйма-уй юриб ўрганилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларга хонадонларида мутасадди ташкилотларни жалб қилган ҳолда жорий ва капитал таъмир ишлари олиб борилди. Йўллар асфальтланди, лоток, ариқ, канал, коллектор-зовурлар тозаланди, сув иншоотлари ўрнатилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш масалалари ўрганилиб, тиббий кўрик, давлат хизматларини жойига бориб кўрсатиш ташкил этилди.
Бундан энди давлат идоралари кимдандир мурожаат бўлишини кутиб ўтиришдан аҳоли муаммоларини ўзлари излаб топиб, бартараф этиш тизимида ишлашга ўтаётганини англаш мумкин. Аслида ҳам бундан буёғига шундай бўлиши керак", - деди Муротжон Азимов.






