АсосийJamiyat

Тошкентда бир гуруҳ гиёҳфурушлар қўлга олинди

'Тошкентда бир гуруҳ гиёҳфурушлар қўлга олинди'ning rasmi

Пойтахтда гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида тезкор тадбирларда жорий йилнинг 4 февраль куни тахминан соат 22.00 ларда Янгиҳаёт туманида ўзини шубҳали тутган 1987 йилда туғилган Мусаев Миразиз Миржамолович тўхтатилиб холислар иштирокида текширилган. Унинг ёнидан 16 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 16,13 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланган. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг 7 февраль куни тунги соат 22.30 ларда Миробод туманида ўзини шубҳали тутган фуқаролар 2002 йилда туғилган Файзуллаев Алишер Ўктамович ва 2005 йилда туғилган Мухаммадов Фирдавс Фируз ўғли тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 3 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 1,39 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борилиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Текширув жараёнида ушбу фуқаролар Миробод туманидаги бир нечта жойларга гиёҳвандлик воситаларини яширишганлигини маълум қилишган. Ушбу яширилган гиёҳвандлик воситаларининг жойлари аниқланиб, 6 та ўрамдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.  

Шунингдек, жорий йилнинг 8 февраль куни тахминан соат 10.00 ларда Мирзо Улуғбек туманида ўзини шубҳали тутган 1998 йилда туғилган Ватанабе Михаил Русланович тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 4,02 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

"Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсларнинг ноқонуний гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги, гиёҳвандлик воситаларини яширганлиги ёки бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд яқин орадаги ИИБга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади", дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

    Бошқа янгиликлар