...Жаннатга киришни хоҳлаган банда Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсани ҳалол, деб билиши, ҳаром қилган нарсани ҳаром, деб билиши ва унга амал қилиши керак.
Бу ҳам худди намоз ўқиш ва рўза тутиш каби муҳим. Ҳадисда зикр этилган «бунга ҳеч нарсани зиёда қилмасам ҳам жаннатга кираманми?» деган жумладан намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳалолни ҳалол билиб, ҳаромни ҳаром санаб юрган одам иймон келтирмаса ҳам, бошқа ибодатларни инкор қилса ёки адо қилмаса ҳам жаннатга кираверар экан, деган нотўғри фикр чиқмаслиги керак...
Рўзанинг фазилатлари ҳақида
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У ик-кисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.Бошқа бир ривоятда: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз ба-робаригача. Аллоҳ азза ва жалла, «Магар рўза Мен учун-дир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилгаан.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳадиси қудсий билан ҳадиси шариф аралаш ҳолда келмоқда. Аллоҳ таоло номидан айтилган сўзлар ҳадиси қудсий ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан айтилгани ҳадиси шарифдир. Аввало ҳадиси қудсий келмоқда: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман», деди». Демак, инсоннинг Рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Фақатгина тутган Рўзаси Аллоҳ учундир.
Яъни Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилгувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинлик, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътибор пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одам, таҳорат қилганда, намозга жой танлаганда ва ниҳоят намоз ўқиётганда бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлларидан ўтади, унга ҳурмат эътибор билан қарайди. Шунингдек, закот берганда ҳар қанча яширса ҳам ҳеч бўлмаганда закотни олган кишилар билади, ҳаққига дуо қилади. Ҳажга борганда эса, умуман, шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келади. «Ҳожи ака» ёки «Ҳожи она» деган ном билан чақириладиган бўлиб қолади. Рўзада эса, бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма баробар юраверади. Ифтор вақти кираётганда ҳам, ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ана шуларнинг ҳаммаси Рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда.