— Азиз, Карим, Раҳмон, Раҳим каби исмларни қўйса бўладими ёки уларга «абду(л)» қўшимчасини қўшиш керакми? Одамларни чақиришда ҳам «Азиз» эмас, «Абдулазиз», дейиш талаб этиладими?
Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.
— Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларидан баъзилари, жумладан, Раҳим, Салом, Азиз, Ҳалим, Карим, Ҳаким, Али(й), Вали(й), Рауф, Рашид, Ғани(й) кабиларни фарзандига исм сифатида «абду» қўшимчасисиз қўйса бўлади. Шунингдек, бу исмларни «абду» билан, масалан, «Абдураҳим», «Абдусалом», «Абдукарим» шаклида ишлатиш ҳам мумкин.
Демак, юқорида биз санаб ўтган исм ва сифатлар бандаларга ҳам қўллаш жоиз. Бироқ бундан бошқалари, жумладан, Самад, Аҳад, Раҳмон, Жаббор, Воҳид, Аҳад, Ғаффор, Раззоқ, Алим, Босит, Ғафур, Қаюм кабилар «абду» қўшимчасисиз исм сифатида қўйилмайди.
muxlis.uz сайтидан олинди.