1

Исроил-Эрон можароси: Учинчи жаҳон уруши бошланяптими?

ДУНЁ 16.04.2024, 11:28
Исроил-Эрон можароси: Учинчи жаҳон уруши бошланяптими?

Бутун олам, ҳатто Исроил аҳолиси ва АҚШ ҳам унинг Фаластиндаги жиноятларидан зада бўлиб, Нетаняҳунинг истеъфоси зарурлиги ҳақида гапира бошлаганида у Эронни минтақавий можарога тортди: 1 апрелда Исроил армияси Дамашқдаги Эрон консулхонасига 10 дан зиёд эронлик ҳарбий амалдорнинг ўлимига олиб келган авиазарба берди.

Бунга Эрон жиддий жавоб беришини маълум қилди. Натижада Исроилнинг Фаластиндаги барча хунрезликлари “унут” бўлди. Эрон тимсолидаги тарихий душман таҳдиди рўпарасида Исроил сиёсий фаолларининг овози ўчирилди. Нетаняҳунинг истеъфосини талаб қилиш масаласи ҳам вақтинча кун тартибидан олиб ташланди.

Умуман, ҳар қандай диктатор халқни ортидан эргаштириш учун бирор уруш бошлашга ҳаракат қилади. Уруш шароитида ҳукуматнинг нўноқлиги ўз долзарблигини йўқотади. Ҳукуматни танқид қилганлар хоинга чиқарилади. 

Исроил ҳам ана шу усулдан фойдаланди. ҲАМАСни батамом йўқ қила олмаган, гаровдаги исроилликларни озод қила олмаган Нетаняҳу Фаластин-Исроил можароси ўрнига Исроил-Эрон можаросини яратди. 

                                                                                 Теҳрон бу ҳужумга жим қараб тура олмади

Табиийки, Теҳрон бу ҳужумга жим қараб тура олмас эди. Лекин эҳтимолий жавоб беришда кўплаб омилларни ҳисобга олиши керак эди. Зеро, Эрон узоқ муддатли ва интенсив урушга тайёр эмас. Исроилга қарши урушиш АҚШ ва Ғарбнинг ҳарбий машинасига қарши урушишни англатиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис Эронга Исроилга албатта жавоб бериши ва бу жавоб даҳшатли бўлиши ҳақида кўп марта баёнот берди. Ҳатто жавоб зарбаси мўлжалланган куни ҳам кўпчиликка ошкор бўлди.

АҚШ ва Ғарб эса ўз навбатида Исроилнинг Фаластиндаги жиноятларини унутиб, Исроил тарафида эканликлари ва унга албатта ёрдам беришларини эълон қилишди.

Ниҳоят 3 апрел куни Эрон ва унинг прокси жангарилари, жумладан, «Ҳизбуллоҳ» Исроилга қарата тахминан 170 та учувчисиз парвоз аппаратлари (дронлар) ва 200 га яқин баллистик ракеталар учирди. АҚШ, Буюк Британия ва Иорданиянинг ҳавода ҳимоя тизимлари 100 дан ошиқ дронларни уриб туширишди.

                                                                                   Исроил ҳукумати Россиядан норози, чунки...

Эроннинг фақатгина Сурия устидан учиб ўтган ракета ва дронларига қаршилик кўрсатилмади. Зеро, Суриядаги ҳаводан ҳимоя тизимлари Россия назорати остида. Шу боис Исроил ҳукумати Россиядан норози бўлди ва Москва Эрон ҳужумларини қоралаб баёнот беришини кутаётганини айтди.

Россия томони Эроннинг ҳужумини “жавоб реакцияси” дея баёнот берди. Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя “Эроннинг бу қадами БМТ Хавфсизлик Кенгашининг шармандали ҳаракатсизлиги ва Исроилнинг Дамашққа берган зарбасига жавоб реакцияси” бўлди дея баёнот берди.

                                                                                      Кутилмаган зарба эффектисиз ҳужум

Эроннинг бу ҳужуми ҳам кутилмаган зарба эффектисиз ташкил этилди. Натижада Исроил томони эҳтимолий ҳужумга яхши тайёргарлик кўрди. АҚШ ва Европадан қўшимча ҳарбий ёрдам олишга ҳам муваффақ бўлди. АҚШ минтақага қўшимча ҳарбий кучларини жўнатди. АҚШнинг иккита “эсминеци” минтақага яқин сувларга ўтказилди. Буннинг учтига Эрон ракеталари ва дронлари Исроилгача катта масофани учиб ўтгани боис, Исроил ва унинг иттифоқчилари уларни пайқаш ва тутиб олишга қийналмади. 

Исроил томони бу ҳужумга жавобан зарба беришга тайёрлигини маълум қилди. Бироқ АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатлашгач, Исроил бу мақсадидан қайтганини айтди. Натижада яна Ғарб таҳсинига сазовр бўлди. АҚШ эса Эрон билан бевосита можарога киришиш мақсади йўқлигини эълон қилди. 

                                                                         Эроннинг жавоб зарбаси – кимга фойда ва кимга зарар бўлди?

Хўш, Эроннинг Исроил провокациясига ҳарбий жавоб бергани қандай фойда ва зарар келтирди?

Энг аввало Эронга бундай жараён жуда керак эди. Охирги йилларда Эрон халқининг ўз ҳукуматидан норозилиги кучайиб бораётган эди. Бундай шароитда Исроилга қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ҳукумат фойдасига “балл” ишлаши табиий эди. 

Эроннинг охирги ҳарбий уриши Фаластин ва унинг жафокаш халқи учун эса фойда келтиргани йўқ. Исроилнинг фаластинликларга қарши геноциди ва жиноятлари тўхтаб қолгани йўқ. Қолаверса, бу зарбалар Исроилнинг сиёсий-иқтисодий ёки ҳарбий қудратига путур етказа олмади.

Аксинча, Исроил тобора яқинлашиб келаётган халқаро нафрат ва изоляция хавфидан қутулди. Ғарб ёрдамининг янги куч билан қайталанишига эришди.

                                                                              Эроннинг аралашуви Учинчи жаҳон урушига олиб келадими?

Таҳлилчиларнинг айтишича, Яқин Шарқ минтақаси боис Учинчи жаҳон уруши бошланади, деган тахминларда жон йўқ. Зеро, минтақадаги кучлар мувозанати яна эски ҳолига қайтди: Исроил – жабрдийда, Эрон ва мусулмонлар эса Исроил хавфсизлигига асосий таҳдид деган қарашлар қайта жонланди. Бундай шароитда Фаластин давлатининг ташкил этилишидан ҳали-бери умид қилмаса ҳам бўлади. Бошқа давлатларнинг Фаластин ёки Эрон томонида туриб Учинчи жаҳон урушини бошлаши ҳам эҳтимолдан йироқ. 

Экспертларнинг фикрича, катта уруш учун сабабларни Яқин Шарқдан эмас, Жануби-шарқий Осиёдан, аниқроғи Тайван-Хитой можаросидан қидирган маъқул. Зеро, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида кечган видеоселектор йиғилишида айтганидек, “халқаро майдонда баланс бузилди, қонун-қоидалар мутлақо ўзгарди”. Россия Украинага бостириб киришидан аввал бирор давлатнинг самолёти бошқа давлат ҳудудига адашиб ўтиб кетса ҳам шов-шув ҳамда халқаро можарога сабаб бўлар эди. Бироқ бугун давлатлар бир-бирига ракета зарбалари бермоқда, қуруқлик орқали қўшин билан бостириб кирмоқда ва... бунга дунё ҳам, БМТ ҳам иложсизлик билан қарамоқда. Демак, Учинчи жаҳон уруши бўлиши мумкин, бунинг учун барча шароит етилмоқда. Бироқ бугун эмас. Бугунги халқаро тартибот ўзгармас экан, дунёдаги етакчи давлатлар ўз мақомини сақлаб қолар экан, бугунги вазият ҳам деярли ўзгаришсиз қолади. Халқаро майдонда ва геополитик вазиятда катта ўзгаришлари бўлиши ҳам ҳали эҳтимолдан узоқ.

                                                                                                                                                                                                                                                                           Абдуллоҳ САЙЙИД

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1