1

Япон олимлари ўзбекистонлик тадбиркорларни ўқитади

ЖАМИЯТ 23.04.2024, 11:15
Япон олимлари ўзбекистонлик тадбиркорларни ўқитади

Жорий йилнинг 12-18 апрель кунлари Япониянинг Ямагата университети делегацияси ҳамда “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Бухоро вилоятларида бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бир қатор ўқув семинарлари ўтказишди. Бу ҳақда “Бизнесни ривожлантириш банки” ва Япониянинг Ямагата университети ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳамда кутилаётган натижалар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Darakchi.uz мухбири.  

Матбуот анжуманида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви аъзолари, “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” АЖ масъул ходимлари, Ямагата университети делегацияси аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 март куни Токио шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония бизнес форуми давомида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раиси  Сахи Аннакличев ва Ямагата университети президенти Хедитоши Тамате томонидан имзоланган шартномага кўра, республикамиздаги 10 минг нафар тадбиркор Япония тажрибаси асосида ўқитилиши ва менторлар тайёрланиши мақсад қилинган. Курслар демаинд асосида май ойи охиридан бошланади. Курсларда ўқиш тадбиркорлар учун бепул ва 100% япон мутахассислари томонидан ўзбек тилида амалга оширилади. Иштирок этиш учун ҳудудлардаги “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази”га мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, жамғарманинг  kbrj.uz сайтидан ҳам қўшимча маълумот олиш мумкин.

Япониянинг нуфузли университети билан ҳамкорликда ўтказиладиган ўқув курсларида тадбиркорлар бизнес кўникмаларини ривожлантириш, бизнес-режани ишлаб чиқиш, лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини топиш каби йўналишларда ўқитилади.

Шунингдек, япониялик мутахассислар кўмагида маҳаллий кадрлар орасидан менторлар тайёрланади. Келгусида “Кичик бизнесни ривожлантириш жамғармаси” томонидан тадбиркорларни ўқитиш ишлари менторлар ёрдамида ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Матбуот анжуманида мазкур муҳим вазифа ижросига киришишда дастлаб университет вакиллари қатор ҳудудларда бўлиб, тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилгани ва илк ташриф якунлари бўйича ҳам маълумот берилди.

Қайд этилишича, ташриф доирасида шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Бухоро вилоятларида тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, мазкур шаҳарлардаги Кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида маҳаллий тадбиркорлар учун ўқув семинарлари ташкил этилиб, тадбрикорлар бизнесни бошқаришнинг япон методи билан таништирилди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришга доир муҳим ва фойдали тавсиялар берилди.  

Ямагата университети профессори Тадаше Онодера ўзбекистонлик кичик бизнес эгалари ҳақида гапирар экан, уларнинг энг катта муаммоси бизнесида қандай муаммолар борлигини билмаслигида деди.  

“Кўзи ожизлар учун линзалар ишлаб чиқарадиган корхонада бўлдик. Завод эгаси сотув яхши бўлмаётганидан нолиди. Кейинчалик билсак, унинг энг катта хатоси мижозлари кимлигини билмаслигида экани аён бўлди. У мижозларини ёши катталар орасидан қидиради. Лекин бугунги кунда асосан ёшлар кўз касалликлари билан қийналишмоқда”,–деди япониялик профессор.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тадбиркорликка ўқитиш дастурининг Леан Манагемент методикаси илк бор Ямагата Университети томонидан Ўзбекистонга олиб кирилмоқда.

Маълумот учун: 1949 йилда ташкил этилган Ямагата университети Япониянинг миллий университети бўлиб, жаҳондаги энг яхши 600 университетлар қаторига киради. Ямагата университети 18 мамлакатдаги 48 та университет ва институтлар билан ҳамкорлик қилади. У ерда фаолият юритадиган профессор олимлар АҚШнинг “Силикон водийси”даги нуфузли компаниялар, “Леново”, “Митсуи” каби корпорацияларнинг бошқаруви аъзолари бўлишган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1