1

Рублнинг Ўзбекистон экспорт ва импортидаги улуши ошиб бормоқда

ИҚТИСОДИЁТ 31.05.2024, 11:03
Рублнинг Ўзбекистон экспорт ва импортидаги улуши ошиб бормоқда

Стратегик ислоҳотлар агентлигинининг маълум қилишича, бутун дунё товар савдосининг қарийб 80 фоизи долларда амалга оширилади. Хусусан, товар экспортидаги доллар улуши Америка қитъасида 96 фоиз, Осиё–тинч океанида 74 фоиз, Европада 23 фоиз, дунёнинг бошқа давлатларида 79,4 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг ташқи савдосида доллар ва евронинг улуши юқори ҳисобланади. Хусусан, 2019 йилда импортда евро ва долларнинг улуши 95 фоизни ташкил этган (доллар 83 фоиз, евро 12 фоиз) бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 89,4 фоизгача камайган (доллар 79,5 фоиз, евро 9,9 фоиз). Экспортда эса доллар ва евронинг улуши 2019 йилдаги 99,1 фоиздан, 2023 йилда 93,2 фоизгача камайган.

Бунда, рублнинг улуши экспортда сўнгги 5 йилда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга етган бўлса, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача етган.

Шунингдек, ташқи савдода сўм ҳам оз бўлсада қўлланилиб, 2019 йилда 8,7 млн долларлик импорт товарлар (улуши 0,0 фоиз), экспортда 2,4 млн долларлик товарлар сўмда савдо қилинган бўлса, 2023 йилга келиб сўмдаги импорт 87 млн долларга (улуши 0,3 фоиз), экспортда эса 21,2 млн долларга етган (улуши 0,2 фоизи).

Ҳозирда баъзи давлатлар ёки иқтисодий блоклар ташқи савдони амалга оширишда миллий валюталардан фойдаланади. Хусусан, Европа иттифоқида ташқи савдосининг 66 фоизи еврода амалга оширилади. Россия бошқа давлатлар билан савдоларда асосан рубль ва юандан фойдаланади. Бу икки валютанинг умумий РФ ташқи савдосидаги улуши 70 фоиздан ошади (рубль 40 фоиз, юань 30 фоиз).

Маълумот ўрнида, 2019 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қўшниларимизнинг биронтаси халқаро савдода миллий валютасидан фойдаланмаган. Хусусан, Қозоғистон экспортининг 87 фоизи ва импортининг 55 фоизини долларда, Қирғизистон экспортининг 67 фоизи ва импортининг 78 фоизини долларда амалга оширган. Ўзбекистон эса экспортининг 96 фоизи ва импортининг 81 фоизини долларда амалга оширган.

Ўзбекистон томонидан халқаро савдода сўмдан фойдаланиш имконияти чекланган. Баъзи қўшни давлатлар билан тўғридан тўғри шартномалар орқали ташқи савдонинг бир қисмини миллий валютага ўтказиш мумкин. Лекин ташқи савдонинг асосий қисмини миллий валютага ўтказишга уриниш биринчидан имконсиз (инфратузилма йўқлиги сабабли), иккинчидан жудаям қимматга тушади.

2023 йилда ташқи савдо дефицити 17,4 млрд долларни ташкил этган, яъни соф ҳолатда Ўзбекистоннинг чет эл валютасига эҳтиёжи мавжуд. Агар ташқи савдода профицит шаклланганда бошқа давлатларда миллий валютамизга талаб бўлиши мумкин эди.

Бошқа давлатлардан, миллий валютада маҳсулотларни сотишга ундаш улар томонидан ҳам худди шундай ҳаракатларнинг жавобан қўлланишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, савдо ҳажмининг қисқариши, импорт товарлар нархининг ошиши (ноэквивалент ёки бозорга нохос алмашув паритети туфайли) ва экспорт товарларга бўлган талабни пасайтиради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1