Ижтимоий тармоқларда Наманганда мактаб директори ўринбосари ўзи кредитини ўқитувчиларга тўлатаётгани айтилган хабарлар тарқалди.
Вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, тарқалган хабарларда Наманган туманидаги 27-сонли мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари З. Аҳмедова назарда тутилган.
Хабарларда у мактабда иш фаолияти давомида қўл остида ишлаётган ўқитувчи ва ходимларнинг номидан кредит олиб, ўз вақтида кредитни бартараф этмасдан, педагог ҳамда ходимлар ўз ҳисобидан кредит тўловини тўлаб келишаётгани иддао қилинган.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишда юқоридаги ҳолат ўз тасдиғини топди. Вазифасига нисбатан совуққонлик билан ёндашган муассаса директорининг ўринбосари лавозимидан озод қилинган.






