АсосийDunyo
1263

"Оч қолаётган болалар". Ўзбекистонда вазият қандай?

'"Оч қолаётган болалар". Ўзбекистонда вазият қандай?'ning rasmi

БМТнинг болаларга ёрдам фонди – UNICEF 2024 йил учун эълон қилган ҳисоботга кўра, мамлакатимизда болалар озиқ-овқат камбағаллиги 11 фоизни ташкил этади.

Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Шимолий Македония ва Қирғизистон ўртасида жойлашган. Бизга қўшни давлатда болаларнинг 12 фоизи тўйиб овқат емайди. Энг яхши кўрсаткич Туркманистонда (4 фоиз) қайд этилган.

Ўзбекистондаги ҳар 10 боладан бири тўйиб овқатланмайди. UNICEF ҳисоботига кўра, дунёдаги 64 та давлатда эрта ёшдаги – 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида рисоладагидек овқатланмаслик муаммоси ўткир тус олган. Ўзбекистон муаммонинг кўлами ўрта даражада хавотирли мамлакатлар рўйхатига киритилган.  

Ҳисоботда келтирилишича, дунё миқёсида болаларнинг 440 миллиони тўйиб овқатланмайди, уларнинг 181 млн. нафари, яъни жаҳондаги ҳар 4 боладан бири (27 фоизи) ўткир овқат камбағаллиги муаммосидан азият чекади.

Вазият энг ёмон бўлган минтақа Жанубий Осиё бўлиб, бу ерда 130 млн. бола шундай муаммога дучор бўлган. Ғарбий ва Марказий Африкада 73 млн. бола тўйиб овқатланмайди. Шимолий Африка ва Яқин Шарқда жами 30 млн. бола овқат камбағаллиги муаммоси гирдобида қолган.  

UNICEF ҳисоботида келтирилган рўйхатнинг юқори қаторларини, яъни мазкур муаммо ўткир ҳисобланувчи давлатлар рўйхатини Сомали, Гвинея, Афғонистон, Эфиопия, Ҳиндистон, Покистан, Сенегал ва Тожикистон банд қилган.

Муаммо кўлами пастроқ давлатлар рўйхатидан эса Беларус, Сербия, Коста-Рика, Перу ва бошқа давлатлар жой олган.

Қайд этиш жоиз, болаларнинг овқат камбағаллиги муаммоси Европа ва ривожланган давлатларда деярли йўқ. Шарқий Европа давлатлари орасида бу рўйхатга фақат Сербия (2%) ва Беларус киритилган бўлиб, жумладан, Беларус энг “яхши” кўрсаткични намоён қилган: бу ерда болаларнинг атиги 1 фоизи тўйиб овқат емайди, холос. Дунёнинг иккинчи қудратли иқтисодиётига эга, аммо аҳолиси 1 млрд. кишидан кўп Хитойда эса бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этади.

Овқатланиш камбағаллиги қандай аниқланади?

Болаларнинг озиқ-овқат камбағаллиги уларнинг овқатланиш рациони кўрсаткичлари асосида аниқланади. Мазкур тамойил UNICEF ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган. Болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун 8 та гуруҳдаги камида 5 та маҳсулот – она сути, дон маҳсулотлари (илдизмева, мева ҳамда тропик мевалар), дуккакли маҳсулотлар (ёнғоқ ва уруғлар), сут ва гўшт маҳсулотлари (шу жумладан, қуш ва балиқ гўшти), тухум, “А” витаминига бой мева ҳамда сабзавотлар, шунингдек, бошқа турдаги мева-сабзавотлар овқатланиш рационида бўлиши талаб этилади.

Тадқиқотчиларнинг билдиришича, болаларнинг тўйиб овқат емаслигига 3 та асосий сабаб мавжуд: бу - номақбул овқатланиш муҳити, нотўғри овқатланиш рациони ва оиланинг камдаромадли экани билан боғлиқ.

Нега Туркманистонда 4 фоиз?

Таъкидлаш лозим, болалар камбағаллиги кўрсаткичи уй хўжаликлари орасида сўров ўтказиш натижасида аниқланади. Нархлар ўсиши ва озиқ-овқат тақчиллиги кучайиб бораётган, одамлар нон олишга навбат талашаётган, сўз эркинлиги ва статистик маълумотлар шаффофлиги ҳамда холислиги гумон остида бўлган, одамлар ҳукумат зуғумидан қўрқиб ўз фикрини очиқ айта олмайдиган Туркманистонда болалар камбағаллиги кўрсаткичи нега атиги 4 фоиз эканини шу ердан англаб олса бўлади.

Ўзбекистонга келсак, Статистика қўмитаси ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотлар доирасида 2021 йилда мамлакат бўйлаб 10 минг хўжалик, ўтган йили эса 16 минг хўжалик ўртасида сўров ўтказилган.

Шу ўринда қайд этиш лозим, давлатлар аҳоли камбағаллигини яширишдан ҳам унчалик манфаатдор эмас. Чунки бу халқаро молиявий донорларнинг, жумладан, Жаҳон банкининг гуманитар ёрдам ва кредитларини олиш учун сабаб бўлиб хизмат қилади. Лекин бундай ёрдам ва кредитларнинг қизиғи йўқ, фақат ўзидаги муаммоларни яшириш билан овора нодемократик тузумлар эса истаса бу фоизни ўта кам қилиб кўрсатади, истаса “бизда бундай муаммо йўқ”, дея ҳисобот беради. Масалан, нархлар ўсиб, инфляция кучайган,  озиқ-овқат танқислиги боис одамлар очликдан ўлаётган  Шимолий Корея бу рўйхатда йўқ.

Ўзбекистонда ижобий тенденция қайд этилган

Ўзбекистонда болалар камбағаллиги борасидаги тадқиқотлар 2011 йилдан бери ўтказиб келинаётган бўлиб, ўша йили бу кўрсаткич 21,5 фоиз экани аниқланган эди. Ўтган йилда эса болаларнинг 13,7 фоизи тўйиб овқатланмаслиги маълум бўлган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ўзбекистонда вазиятнинг яхшиланиш тенденцияси кузатилмоқда. Зеро, ижтимоий ҳимояга эътибор кучайтирилаётгани яхши самара беряпти. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тегишли ижтимоий тўловлар бўлмаганида болалар камбағаллиги 1,6 баравар юқорироқ бўларди.

Муаммони бартараф этиш бўйича тавсиялар

UNICEF ҳисоботида болаларнинг озиқ-овқат камбағалиллигини бартараф этиш бўйича тавсиялар ҳам берилган.

Ҳисоботда айтилишича, дунё миқёсида ўсиб бораётган тенгсизлик, можаролар ва иқлим инқирозлари, оилаларнинг паст даромадли экани, носоғлом озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳаддан ташқари кенг оммалашуви ва болаларнинг нотўғри овқатланиш амалиёти миллионлаб болаларни эрта ёшдаги ўткир озиқ-овқат камбағаллиги остида қолдирмоқда.

Ўткир болалар озиқ-овқат камбағаллигининг кўлами, сўнгги ўн йилликдаги секин тараққиёт ва ёш болаларнинг овқатланишига таҳдидларнинг кучайиши жаҳондаги давлатлар муаммони чуқур англаб, ўз зиммасига тегишли мажбурият олишини, бу борадаги сиёсатид туб ўзгаришлар ясашини талаб қилади.

Контекстлар турлича бўлишига қарамасдан, болалар озиқ-овқатининг ўткир камбағаллигини тугатишнинг асосий кун тартиби қуйидаги мувофиқлаштирилган ва бир-бирини тўлдирувчи ривожланиш ва гуманитар ҳаракатларни ўз ичига олади:

1. Болалар озиқ-овқат камбағаллигини тугатишни сиёсий мажбурият сифатида белгилаш ва озиқ-овқат камбағаллигини камайтириш бўйича глобал ва миллий озиқланиш ва ривожланиш мақсадларига эришишга интилиш талаб этилади.

2. Озуқавий қимматга эга, хилма-хил ва соғлом озиқ-овқатлар эрта ёшдаги болалар учун энг қулай вариант бўлишини, озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқариш саноати болаларни зарарли озиқ-овқат ва ичимликлардан ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат ва қоидаларга риоя этишини таъминлаш орқали озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш лозим.

3. Болалар тўйиб овқатланмаслигининг олдини олиш ва даволаш учун зарур озиқланиш хизматлари, хусусан, маслаҳат, қўллаб-қувватлаш ва жамоат хизматларини кўрсатиш учун, эрта ёшдаги болаларни озиқлантириш ва парвариш қилиш амалиётини яхшилаш учун соғлиқни сақлаш тизимларидан фойдаланиш керак.

4. Болалар ва уларнинг оилаларининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларини ҳимоя қилиш учун самарали ижтимоий тўловларни (нақд пул, овқат талони ва озиқ-овқат маҳсулотлари) ўз ичига олган ижтимоий ҳимоя тизимларини фаоллаштириш зарур.

5. Болалар озиқ-овқат камбағаллигининг тарқалиши ва оғирлигини баҳолаш ва унинг омилларини аниқлаш учун, шунингдек, болалар озиқ-овқат камбағаллигининг ўсишини эрта босқичда, шу жумладан нобарқарор ва гуманитар шароитларда ўз вақтида аниқлаш; миллий ва глобал миқёсда болаларнинг озиқ-овқат камбағаллигини камайтириш борасидаги ютуқларни кузатиб бориш учун маълумотлар йиғиш тизимини мустаҳкамлаш тавсия этилади.

                                                                                                                                                                                           Абдуллоҳ Саййид

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар