АсосийDunyo

Исроил ва ҲАМАС можароси тугашига умид борми?

'Исроил ва ҲАМАС можароси тугашига умид борми?'ning rasmi

Ғазо секторида деярли 8 ойдан бери давом этаётган Исроил ҳарбий амалиётларининг охири кўринмаяпти. Ҳатто Исроил элитаси ҳам “туннел охирида ёруғлик” кўрмаяпти. Ҳатто Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши бошлиғи Цахи Ҳанегби ҲАМАСни мафкура сифатида йўқ қилиб бўлмаслигини тан олди.

ЦАХАЛ гумонлар ичида қолган

ҲАМАСни енгиш мумкинлигига шубҳа билдираётганлар орасида ЦАХАЛнинг собиқ генерали Ицхак Брик ҳам бор. У 15 май куни Исроил армияси  ҲАМАСни енга олмайди, дея фикр билдирди. Унинг айтишича, Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар самара бермайди, бу ҳаракатлар давом этса, армиянинг оғир талафотларига, иқтисодий инқироз, халқаро муносабатларнинг баттар ёмонлашуви ва Исроил ичида ижтимоий бўлинишга олиб келиши мумкин. 

Энг тушкун баёнот

Энг тушкун баёнот эса ЦАХАЛ матбуот котиби Даниэл Ҳагарининг тилидан янгради. "ҲАМАС - бу мафкура, уни қуролли йўл билан йўқ қилиб бўлмайди”, деган Ҳагари. 

Мақсадга нега эришилмади?

Дарҳақиқат, Исроилнинг аскарларининг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари жуда чўзилиб кетди. Асосий мақсадга эса эришилмади: ҲАМАС йўқ қилинмади, у гаровга олган исроилликлар тутқинликдан озод этилмади. 

Хўш, нега ҳарбийлари ва махсус хизматлари дунёда олдинги ўринларда деб ҳисобланувчи Исроил ҳамон ҲАМАСни енга олмаяпти? Ҳатто АҚШ ва Европанинг ёрдами ҳам вазиятга у қадар таъсир қилмади. Бунинг бир неча сабаблари бор.

Исроил ахборот урушида енгилди

Шу пайтгача яҳудий аскарларининг Фаластиндаги ҳарбий амалиётларини фақат Ғарб медиаси ёритган. Табиийки, улар холисликка амал қилишмаган. Исроил томонидан мазлум, беозор, маданиятли дея тасвирланган. Фаластинликлар эса бузғунчиликдан бошқасига ярамайдиган, фақат Исроилга зарар етказиш орзуси билан яшовчи ёввойилар қилиб кўрсатилган. Ва шунга инсониятни ишонтиришга муваффақ ҳам бўлишди. 

Бироқ интернет ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири кучайган ҳозирги даврда халқаро ижтимоий фикр фаластинликлар тарафга ўтмоқда. Исроилнинг Ғазо секторидаги қотилликлари ва геноциди одамлар нафратига сабаб бўлмоқда. 

Дипломатик “уруш”даги мағлубият

Фаластин можароси масаласида ҳозиргача “оломон эффекти” ҳукмрон эди. "Дунёнинг қудратли ва маданиятли давлатлари Исроилни қўллаяпти, демак биз ҳам шундай йўл тутишимиз" керак, деган фикр ҳукмрон эди. Бироқ яҳудий аскарларининг фаластинликларга қарши ваҳший ва ноинсоний муносабатлари ҳатто Ғарб давлатларини ҳам Фаластинга хайрихоҳ кучлар сафига кўчирмоқда. Бунинг оқибати ўлароқ, 2024 йилнинг айни давригача 9 та давлат Фаластинни тан олди ва бундай давлатлар сони 147 га етди. Кўпчилик давлатларда Исроил хунрезликларига қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда. 

Айниқса Исроилнинг БМТ ва Халқаро жиноят судини ҳам назар-писанд қилмаётгани, ҳатто прокурорларни жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид солаётгани ҳам Исроил билан дипломатик алоқалар тақдирига салбий таъсир кўрсатмоқда.

ҲАМАСнинг илдизи - Фаластин халқи

ҲАМАСни аскарий захира билан озиқлантирувчи томири - бутун фаластин халқи ҳисобланади. Қачонки бу халқ бутунлай қириб юборилса ёки мажбуран хорижга сургун қилинсагина ҲАМАС мағлуб бўлиши мумкин. 

Исроил ҳукуматининг Ғазо секторини бутунлай эгаллаб олиш режалари ҳам яширилмаяпти. Маҳаллий ва келгинди яҳудийлар ҳозирданоқ “ўлмаган айиқнинг терисини” бўлиб олишмоқда: Ғазо секторидаги ерларни ким ошди савдосида сотишяпти. Чунки чиройли денгиз соҳиллари курортлар яратиш, туризмни ривожлантириш учун қулай кўчмас мулк, дея баҳоланяпти. Бу ерда фаластинликлар борлиги эса инобатга олинмаяпти. Улар билан ҳисоблашиш шарт эмас, уларнинг ҳам, жаҳон халқларининг ҳам қўлларидан ҳеч нарса келмайди, барибир, деган ишонч ҳукмрон. 

ҲАМАС тарафдорлари кўпаймоқда

Эрон, Сурия, Яман ҳусийлари, “Ҳизбуллоҳ” ва ҳатто Россия ва Ливан ҳам ҲАМАСга яширин ёки ошкора ҳарбий-молиявий ёрдам бераётган ёки ёрдам беришга тайёр тузилмаларнинг айримлари холос. Гарчи АҚШ Исроилни тиш-тирноғигача қуроллантириб, миллиардлаб доллар ажратаётган бўлса-да, ҲАМАСга қарши уруш кутилган самара бермаяпти. Тўғри, Исроил армияси деярли бутун Ғазо аҳолисини Рафаҳга сиқиб чиқариб, (асосан Миср билан) чегарадаги назорат-ўтиш пунктларини иҳоталаб, ҳудудни бутун дунёдан узиб қўйди. Бироқ жаҳон ҳамжамияти бу қонунсизликларга ортиқ жим қараб тура олмайди. Ҳатто АҚШда ҳам оддий америкаликлар ўз солиқлари ҳисобидан Исроил хунрезликлари молиялаштирилишини истамаяпти. 

Ливанга уруш очилиш эҳтимоли

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ғазо секторини “қойил” қилгач, энди “Ҳизбуллоҳ”ни йўқ қилишга бел боғлаган. 

Қайд этиш керак, “Ҳизбуллоҳ” паноҳ топган Ливан давлати билан уруш эҳтимоли эса сўнгги кунларда анча ошган. Жумладан, кўпчилик давлатларнинг ҳукуматлари ўз фуқароларини Ливанга саёҳат қилишдан тийилишга чақирган. Жумладан, АҚШ Давлат департаменти Ливандаги америкаликларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга ундаган. Шунингдек, АҚШ эса Исроил ва Ҳизбуллоҳ уруши бошланадиган бўлса, ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун Исроил ва Ливан яқинига қўшинларини яқинроқ келтиришини билдирди. АҚШ расмийлари, томони ҳатто Исроил Ҳизбуллоҳга қарши уруш бошласа, яҳудий давлатини қўллаб қувватлаши ҳақида баёнот берган. 

Исроилнинг Haaretz нашри хабар беришича, Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини тўхтатиб, Ливан билан эҳтимолий урушга диққат қаратишга тайёрлигини маълум қилган. 

Демакки, Исроил Ливанга ҳужум қилиш режасини амалга оширса, икки фронтда уруш олиб боришга қодир эмаслиги боис, ўз-ўзидан ҲАМАСга қарши фаол жанговор ҳаракатларини тўхтатиши мумкин.

BILD нашрининг хабар беришича, Исроил армияси июл ойининг иккинчи ярмида Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” истеҳкомларига ҳужумни бошлашни режалаштирган.

Аниқ старетегия йўқ

Исроил ҳукуматининг мақсади аниқ – ўз хавфсизлигини таъминлаш ва унга таҳдид бўлмиш ҲАМАСни йўқ қилиш баҳонасида бутун Фаластин ерларини эгаллаб олиш, бу ерга яҳудийларни кўчириб келишдан иборат. Бироқ бу мақсадга элтувчи йўл ноаниқ. Қолаверса, юқорида айтилганидек, Исроил элитаси ичида ҳам бу масалада бўлинишлар юз бермоқда. Бош вазир аравани бир тарафга, армия бошқа тарафга тортмоқда. Сабр косаси тўлган оддий исроиллликлар эса мутлақо бошқа тарафга тортишни истаяпти. Аниқ режанинг йўқлиги эса натижани ҳам ноаниқ қилади. 

Қолаверса, урушдан чиқиш, уни қандай якунлаш стратегияси ҳам йўқ. Исроил ҳукумати буни тан олган. Бош вазир Нетаняҳу боши берк кўчага кириб қолган. Зеро, урушни бошлаганлар асосан "тез ғалабага" ишонч билан урушга киради, бироқ урушдан қандай чиқиш ҳақида ўйламайди, одатда. 

Хулоса қилиб айтганда, ҳозир Ғазодаги урушни қандай тўхтатиш борасида Исроилда ҳам, минтақа ишига аралаша олувчи, геополитик қудратли “ўйинчилар”да ҳам тайинли режа йўқ. Тўғри, таклифлар ва режалар кўп, аммо ҳеч бирининг муваффақият қозонишига ишонч ҳамда кафолат йўқ. 

                                                                                                                                                                                                                                                                      Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар