Ҳозирда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади.
“Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади”, — деди Ғайбуллаев.
Унинг қайд этишича, ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган.
Амалдаги тизимда абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ва ҳисоб-рақами бўлган бўлса, янги тизимда абонентнинг кадастр маълумотлари, битта одам номида нечта ҳисоб рақами борлиги каби маълумотлар мавжуд бўлади.
Янги тизимда мониторинг ишларини олиб бориш мақсадида истеъмолчининг шикоят ва таклифлари, уларнинг сони ҳам ёзиб борилади. “Умуман бошқа биллинг бўлади”, дейди Алвар Ғайбуллаев.
Бундан ташқари, тизимнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилди. У орқали амалга оширилган тўловлар ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини онлайн олиш мумкин бўлади.
Шунингдек, у "ақлли" ҳисоблагич билан таъминланганлик даражаси 90%ни ташкил этишини билдирди. Ҳудудларда 782 мингта "ақлли" ҳисоблагичлар ўрнатиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда шундан 210мингта абонент қолган.
Жорий йилнинг 1 августигача қолган истеъмолчилар ҳам "ақлли" ҳисоблагичлар билан таъминланади. Натижада, кўрсаткич 100%га етказилиши, яъни мавжуд 8,5 млн абонент қамраб олиниши кутилмоқда.
“Бир нарсани айтиш керакки, мамлакатда 100% „ақлли“ энергия ҳисоблагичлари ўрнатилди, деб бўлмайди, нимага деганда, йиллик ўсиш 2%ни ташкил этади: аҳоли кўпаймоқда, уй-жой қурилмоқда, ишлаб чиқариш ортмоқда. Шундай экан, кўрсаткични 100% етказиб бўлмайди”, — деди у.