2024 йилнинг 20-22 июл кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан "Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси" мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати хабар бермоқда.
Конференцияда бухорийшунос олимлар, ҳадисшунослик йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар, дин арбоблари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб эътироф этилаётган ушбу даврда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган илмий-тадқиқот марказлари, жумладан, ЎзИЦМ нуфузли турдош хорижий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда, улар билан ҳамкорликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ислом тамаддуни ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик аллома мутафаккирларнинг бой илмий мероси халқаро даражада оммалаштрилмоқда
"Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси" мавзусидаги илмий конференция мазкур фаолият доирасидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Конференция Самарқанд ва Тошкентда икки кун давом этди.
Жумладан, 2024 йил 20 июль куни Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги вакиллари иштирокида Имом Бухорий мажмуасида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг хатми якунланди. Самарқанд вилояти нуронийлари ва фаолларининг Имом Бухорий мажмуаси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига зиёрати ҳамда тушлик дастурхони ташкил этилди.
2024 йил, 22 июлда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти биносининг конференциялар залида Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси олимлари иштирокида конференциянинг якунловчи иккинчи куни бўлиб ўтди.
Анжуман доирасида Имом Бухорийнинг ўзбек тилига таржима қилинган асарлари ҳамда буюк муҳаддиснинг илмий меросини ўрганишга бағишланган китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, илмий-конференсияда сўз олганлар юртимизда сўнги йилларда диний-маърифий соҳаларга қаратилаётган эътибор, унинг натижасида эришилаётган натижаларни эътироф этди. Ҳусусан, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов буюк муҳаддаснинг фаолиятини ўрганиш ва кенг тадқиқ этиш масаласига бевосита давлат раҳбари томонидан катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
-Ҳаммамизга маълумки, муҳтарам президентимиз жорий йил Қурбон ҳайити кунлари имом ал Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш асносида бир қатор топшириқлар бердилар -, деди Ф.Абдухолиқов. -Уларнинг орасида бу ерда инноватцион музей барпо этиш, уни турли замонавий воситалар билан жиҳозлашга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Биринчи олимлар форумида иштирокчилар Ислом цивилизация марказининг илмий-тарихий концепцияси ҳамда унинг таркибидаги муассасалар экспозициясини шакллантириш юзасидан 600 га яқин таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Улар орасида Имом ал-Бухорий илмий-тадқиқот марказида инновацион музей ташкил қилиш таклифи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Тан олиш керак, қўлимизда бевосита Имом ал-Бухорий даврига оид бирор бир тарихий экспонат мавжуд эмас. Аммо, бугунги инновациялар, ахборот технологиялари асосида, келган меҳмонларни Имом Бухорий яшаган давр ва муҳитга олиб кириш мумкин. Бу тажрибадан дунёнинг қатор музейлари фойдаланмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқлар, мультимедиа маҳсулотлари даврида бундай услуб хорижлик меҳмонларни, ёш авлод вакилларини бефарқ қолдирмайди. Улар махсус “вақт капсуласи” ёрдамида бундан бир неча аср аввалги даврга саёҳат қиладилар. Ўша пайтда юз берган ренессанс жараёнлари, буюк аждодларимиз амалга оширган улуг ишларга визуал тарзда гувоҳ бўладилар.
Албатта бу борада миллий ва хорижий олимлар, экспертлар, диний соха мутахассислари, йирик музей ва кутубхоналар раҳбарларининг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Конференция якунида унинг натижалари, хулосалари ва тавсияларини ўзида мужассам этган таҳлилий ҳужжат қабул қилинди.