АсосийСаломатлик

Сочга эрта оқ тушишининг сабаби нимада?

Соч оқариши — кексалик даврида юз берадиган табиий жараён. Бироқ турли омиллар туфайли айримларда бу ҳолат анча олдин ҳам бошланиши мумкин. Бунинг сабаби нимада?

'Сочга эрта оқ тушишининг сабаби нимада?'ning rasmi

Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Аваз Иноятов жавоб берди.

— Сочга меланин пигментини ишлаб чиқарадиган меланоцит ҳужайралари ранг беради. Ёш ўтган сайин уларнинг фаоллиги пасайиши туфайли меланин ҳосил бўлиши камаяди ва оқибатда соч оқара бошлайди, — дейди мутахассис. — Сочга эрта оқ тушишининг энг асосий омили ирсий мойиллик ҳисобланади.  Меланоцитларнинг сони ва фаоллиги, аввало, генларга боғлиқ. Агар инсоннинг яқин қариндошларида соч барвақт оқарган бўлса, катта эҳтимол билан унда ҳам бу жараён ёшликдан бошланади. 

Сочга эрта оқ оралашига сурункали стресс ҳам сабаб бўлади. Зўриқиш, тез-тез асабийлашиш ҳужайралар, шу жумладан меланоцитлар тезроқ қаришига олиб келади. Натижада соч ўзининг табиий рангини йўқотиб, оқаради. 

Бундан ташқари, В12, D3 витаминлари, шунингдек мис, темир ва рух соч ҳамда тери саломатлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди. Шу боис уларнинг етишмаслиги меланин ишлаб чиқарилишининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Сочда оқ толаларнинг эрта пайдо бўлиши доим ҳам ирсий мойиллик ва стрессга боғлиқ бўлавермайди. Бунга гормонал ўзгаришлар, шунингдек витилиго, ареата алопецияси каби аутоиммун ҳамда гипертиреоз, гипотиреоз ва қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ бошқа касалликлар ҳам таъсир қилиши мумкин. 

Ҳаво ифлосланиши ва кучли ультрабинафша нурлари, носоғлом турмуш тарзи, чекиш, алкоголь ичимликларни истеъмол қилиш ҳам соч ва терига зарар етказиб, қариш жараёнини тезлаштиради ҳамда сочларнинг эрта оқариш хавфини оширади.

Соч эрта оқаришининг олдини олиш учун нималарга амал қилиш керак?

  •  Стресс ва зўриқишдан сақланинг.
  • Тўғри ва вақтида овқатланинг. В12, D витаминлари, биотин ва рухга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг.
  •  Кунига камида 7-8 соат ухланг. 
  • Зарарли одатлардан воз кечинг. 
  •  Етарли миқдорда сув ичинг.
  •  Сочни тўғри парвариш қилинг. Фен, дазмол ва бошқа воситалардан камроқ фойдаланинг.  
  •  Спорт билан шуғулланинг. Жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилаб, сочга кўпроқ озуқа моддалари етиб боришини таъминлайди. 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Маймун чечагига қарши вакцина ЖССТнинг дастлабки квалификациясидан ўтди'ning rasmi

    Саломатлик14.09.2024 13:19

    'Бош мия касалликларини даволашда нанороботлардан фойдаланилиши мумкин'ning rasmi

    Саломатлик13.09.2024 15:21

    Бош мия касалликларини даволашда нанороботлардан фойдаланилиши мумкин

    Шотландиянинг Эдинбург университети тадқиқотчилари бош мия касалликларини анъанавий нейрохирургик операцияларсиз даволаш технологиясини яратди.

    'Қандли диабетни овоз орқали аниқлаш технологияси яратилди'ning rasmi

    Саломатлик12.09.2024 11:55

    Қандли диабетни овоз орқали аниқлаш технологияси яратилди

    Тадқиқотда касалликнинг 2-тури ташхиси қўйилган ва бу патология аниқланмаган 607 нафар кўнгилли қатнашди.

    'Олимлар саратон ҳужайраларини безиён усулда йўқ қилиш йўлини топди'ning rasmi

    Саломатлик11.09.2024 15:08

    Олимлар саратон ҳужайраларини безиён усулда йўқ қилиш йўлини топди

    Рус олимлари саратон касаллигига қарши курашишнинг янги усулини кашф этди.

    'Узоқ умр кўриш нималарга боғлиқ бўлади?'ning rasmi

    Саломатлик10.09.2024 14:57

    Узоқ умр кўриш нималарга боғлиқ бўлади?

    Сўнгги 100 йил ичида тиббиёт тараққиёти ва турмуш тарзининг яхшиланиши туфайли инсониятнинг умр кўриш давомийлиги ошди. Ҳозирда ўртача умр кўриш АҚШда тахминан 84 ёш, Японияда эса 86 ёшни ташкил қилади.

    'Уч хавфли касаллик ҳақида билармидингиз?'ning rasmi

    Саломатлик09.09.2024 17:42

    Уч хавфли касаллик ҳақида билармидингиз?

    Мутахассислар бу бўйича маълумот берди.