АсосийЖамият

90 минг доллар пора билан ушланган Когон тумани прокурори 15 йилга қамалди

Унинг шериклари ҳам узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

'90 минг доллар пора билан ушланган Когон тумани прокурори 15 йилга қамалди'ning rasmi

Февраль ойида Бухоро вилоятининг Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов 90 минг доллар пора олган вақтида  ушланганди. 2 август куни унга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов darakchi.uz'га хабар берди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Баҳодир Ғуломов 2024 йилнинг январь ойи бошларида Нажмиддин Нўмонов ва хавфли рецидивист бўлган Зафар Адилов билан жиноий тил бириктирган.

Улар вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган "Когон ёғ-экстракция заводи" АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича улардан бирига нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарликни масаласини ҳал қилишларини айтган. Бунинг учун 100 минг доллар миқдорида пора сўраган.

15 январь куни Ғуломов 100 минг долларни Н.Н. орқали олган. У компанияга алоқадор яна бошқа шахсларни Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100 минг доллар миқдорида сўраган ва 44 минг долларини олган. Шундан 10 минг долларини А.З. олиб, қолган 34 минг долларини Н.Н. келгусида Баҳодир Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаб келган.

13 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Н.Н. орқали 56 минг долларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган. Тезкор тадбир давомида Н.Н.нинг Cobalt машинасида қолган 34 минг доллар мавжудлиги аниқланган ва у ҳам расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, А.З. жиноят ишини ўзининг Бош прокуратурадаги танишлари орқали БП иш юритувига ўтказиб, жиноят ишини тугатиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун жами 100 минг доллар сўраган.

40 ёшли Баҳодир Ғуломов 2022 йилнинг апрелидан буён Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳри судининг ҳукмига кўра, Ғуломов ва Н.Н. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 28,211-моддаси 3-қисми "а" бандида (Жуда кўп миқдорда пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Унга нисбатан 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчи Н.Н.га эса 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Яна бир судланувчи А.З. Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми "а" банди, 25,168-моддаси 4-қисми "а" банди, 28,211-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларда айбли деб топилди ва у 12 йил муддатга қамалди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар