АсосийМаданият

"Шавкат Мирзиёев йўллаган табрик дунё илмий доираларини илҳомлантирди" - Халқаро конгресс иштирокчиларидан муносабат

“Буюк аждодлар мероси - Учинчи ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгрессида дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

'"Шавкат Мирзиёев йўллаган табрик дунё илмий доираларини илҳомлантирди" - Халқаро конгресс иштирокчиларидан муносабат'ning rasmi

Хабарингиз бор, кеча 24 август куни Самарқандда “Буюк аждодлар мероси - Учинчи ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгрессининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросим аввалида Ўзбекистон Президентининг Конгресс иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Таъкидлаш керак, йилнинг энг каттта маданий тадбири бўлмиш Халқаро конгрессда дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

Darakchi.uz Конгресс иштирокчиларининг фикрлари билан бўлишади.

Маҳмуд Эрол Қилич, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази - ИРСИКА директори, WOSCU Бошқаруви аъзоси:

— Ўтмишини билмаган одам келажагини ҳам билмайди, дейишади. Бу борада Ўзбекистонда давлатингиз раҳбари жаноб Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ишлар ҳар жиҳатдан диққатга сазовор. Мен ўзбекистонлик ҳамкорлар билан тез-тез кўришиб тураман. Ва улар ҳар доим юртингизда маданий меросни ўрганиш, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш билан боғлиқ янги бир ташаббуслар амалга ошаётганини айтишади. Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг йўллаган табриги ҳам бизни ғоятда мамнун этди.

Султон Раев, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ раиси, Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси:

— Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда маънавий-маърифий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан кенг қамровли янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Учинчи Ренессанс” тушунчаcи бугун Янги Ўзбекистонни ифодаламоқда. Ўзбекистонда юз бераётган мафкуралар, ғоялар ва илғор ташаббуслар дунёга давлатнинг  маънавий  қиёфасини намоён этмоқда ва кўплаб давлатларга ўрнак бўлмоқда.

Ирина Попова, Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори:

— Мен фаолият юритадиган институтда Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон тарихига оид кўплаб қўлёзмалар ва аждодларингиз қаламига мансуб асарлар бор. Биз бугунгача уларнинг кўпчилигини юртингиз олимлари, илмий доиралар вакиллари билан тадқиқ этганмиз. Бунинг учун энг яхши шароитни эса албатта давлатингиз раҳбари яратиб берди. Энди эса илм аҳлини Ўзбекистоннинг дўстлари демоқда ва бундай муносабатдан кейин биз ҳамкорликка тайёрмиз. Ўйлайманки, биргаликдаги ҳаракатларимиз туфайли Қуръони Каримнинг нодир нусхаларини факсимиле қилишимиз, бошқа қўлёзмаларни тадқиқ этишимиз мумкин.

Доктор Шокир Салоҳ, Ислом олами Робитаси конференциялар ва тадбирлар бўйича директори:

— Конгрессга таклиф учун мен ўз миннатдорлигимни билдираман. Биз кеча Имом ал-Бухорий мажмуаси билан танишдик. Аждодлар меросини асраб-авайлаш билан Ўзбекистон бугун барча ислом олами вакилларини муштарак бўлишга чорлаяпти. Чунки Имом Бухорий ислом оламида нуфузли бир шахс. Унинг илмий фаолиятини чуқур ўрганиш дунёга янги илмларни беради. Мана шундай буюк ишларга давлатингиз катта йўл очаяпти.

Натали Бондиль, Франциянинг Араб дунёси институти директори:

— Франция ва Ўзбекистон етакчилари ташаббуси билан бир муддат олдин Францияда ташкил этилган кўргазма икки мамлакат олимларининг мулоқот майдонини ташкил этди. Биз бу кўргазмани ўтказиш асносида ҳали ўрганилиши керак бўлган ноёб артефактлар борлигини билганмиз. Икки мамлакат ташаббуси янги кашфиётларни бошлаб берди. Бугунги конгресс эса Ўзбекистоннинг тарихни ўрганиш ва оммалаштиришга жиддий киришганини билдиради. Президентнинг йўлланган табриги дунё илмий доираларига янгича илҳом берди.

Доктор Музаффар Шекер, Туркия Фанлар академияси Президенти:

— Бугун ўзбек ва турк олимлари ўзаро ҳамкорлиги туфайли кўплаб натижаларга эришди. Бунга эса икки мамлакат етакчиларининг дипломатик алоқалари ва дўстона муносабатлари сабаб, десам адашмайман. Давлатингиз раҳбари маданий меросни ўрганиш вва оммалаштириш, ислом олами алломалари ва буюк аждодлар тарихини ўрганиш бўйича яратиб бераётган шароитлари ана шу эришган натижаларнинг пойдевори бўлиб хизмат қиляпти. Бугунги йўлланган табрик эса барча зиёлилар каби мени ҳам руҳлантирди. 

Дамир Мухетдинов, Россия Федерацияси Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари:

— Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ўзининг янги бир палласига кўтарилмоқда. Бунда диний-маърифий соҳалар муҳим аҳамият касб этади. Мен бу ҳамкорликнинг мустаҳкам бўлишини тилайман. Шунингдек, мамлакатингизда шу йўналишдаги ишларини, саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайман ва олқишлайман. Чунки бу ўрганишлар, тадқиқотлар натижасида нафақат тарих ойдинлашади, балки муқаддас динимизнинг маърифати ҳам янада кўпроқ намоён бўлади. Бу эса ҳозирги зиддиятли бир даврда жуда ҳам муҳимдир. 

    Бошқа янгиликлар