АсосийСаломатлик

Соч эктиришда донор сочидан фойдаланиш мумкинми?

Мутахассис бу бўйича маълумот берди.

'Соч эктиришда донор сочидан фойдаланиш мумкинми?'ning rasmi

Соч эктиришда донор сочидан фойдаланиш мумкинми? Бу бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Соч — инсоннинг ярим ҳусни. Унинг ортиқча тўкилиши эса кўпчиликда психологик муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис бугун бу ҳолатнинг олдини олиш учун замонавий тиббиёт беморларга соч экиш амалиётини таклиф этмоқда.

Хўш, бунда нималарга эътибор бериш керак? Ушбу муолажа ўтказилган инсонлар нималардан эҳтиёт бўлишлари лозим? Кимларда бу амалиётни амалга ошириш мумкин эмас?

— Авваллари соч тўкилиши асосан 40 ёшдан кейин кузатилган бўлса, Ҳозирга келиб, бу ҳолат ёшлар ўртасида ҳам кўп учрамоқда, — дейди мутахассис. — Ҳатто, мижозлар орасида 20 ёшгача бўлган йигитларни ҳам учратиш мумкин.

Соч эктириш учун, энг аввало, тажрибали мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Чунки ушбу амалиёт жуда нозик ҳисобланади. Малакали мутахассис эса сизга бу борада зарур тавсияларни бера олади.

Мазкур муолажа ўтказилган мижозлар 7-10 кун давомида жисмоний ва асабий зўриқишлардан тийилиши керак. Шунингдек, соч терига ўрнашиб, яхши жойлашиб олгунига қадар спорт залларига чиқиш, оғир машғулотларни бажариш мумкин эмас.

Сочни ювиш масаласига келсак, ортиқча кимёвий моддалар қўшилмаган болалар шампунидан фойдаланиш тавсия этилади. Фақат амалиётдан бир ой ўтгандан сўнг, сочларни исталган шампунда ювиш мумкин.

Шуни айтиш керакки, соч бошқа организмда умуман ривожланмайди. Шу боис беморнинг энг яқин инсонлари ҳам унга донор бўла олмайди. Агар мижознинг донорлик қисмида толалар сийрак бўлса, соқол ва кўкрак қафаси соҳасидан тук олиб ўтказилади.

Мазкур амалиётни бажаришга қарши бир қанча кўрсатмалар мавжуд. Мисол учун, қон ивиш тизимидаги касалликлар, аллергик реакциялар ҳамда қандли диабетнинг хавфли турларида соч экиб бўлмайди. Қолаверса, 15 ёшдан кичик болаларда ҳам бу муолажани ўтказиш тавсия этилмайди.

Соч тўкилмаслиги учун бир қанча салбий омиллар – нурланиш, нерв толалари зарарланиши, микроэлементлар етишмовчилиги ҳамда витаминлар танқислигидан сақланиш лозим.

    Бошқа янгиликлар