Ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров чилимнинг зарари ҳақида батафсил маълумот берди.
— Чилим – тамаки ҳамда таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларнинг туташи ёки қиздирилиши натижасида ҳосил бўладиган тутунни нафас орқали ютишга мўлжалланган мослама бўлиб, аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш орқали (чилим сувдонидан) ўтади, — дейди мутахассис.
— Афсуски, сўнгги пайтларда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам бу иллатга ружу қўйганлар сони ортиб бормоқда. Ваҳоланки, у наркоманиянинг енгил кўриниши бўлиб, инсонда никотинга кучли қарамликни келтириб чиқаради.
Қолаверса, чилимнинг зарари сигарета чекишдан асло кам эмас. Унинг тутуни таркибида канцероген моддалар (нитрозаминлар, полициклик ароматик углеводородлар, учувчан альдегидлар, жумладан, формальдегид ва бензол) ҳамда азот оксиди ва оғир металлар каби заҳарли моддалар мавжуд.
Шунингдек, чилим кўмири ёқилганда кўп миқдорда углерод оксиди (ис гази) ва канцерогенлар ажралиб чиқади. Ушбу заҳарли моддалар чекувчиларда юрак ва ўпка касалликлари ҳамда саратон хасталикларини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, оддий тамаки чекувчиларга қараганда чилим чекувчилар заҳарли ис гази таъсирида кўпроқ бўладилар.
Ўтказилган тадқиқотлар натижасида бу иллатга қарам бўлганларда юрак уриши, қон босимининг ошиши ва бошқа хавфли ўткир юрак-томир таъсирлари, ўпка функцияси бузилишлари ва яллиғланишлари, физиологик ҳимоянинг пасайиши, ис гази таъсиридан ҳушдан кетиш ва ўткир заҳарланишлар кузатилиши аниқланган.
Ушбу зарарли одат узоқ муддатли асоратлар қолдириши билан ҳам хавфли бўлиб, олиб борилган кузатувлар давомида чилим чекиш билан ўпка саратони, тиш боғламларининг бузилиши, тишларнинг барвақт тўкилиши ҳамда кам вазнли бола туғилиши ўртасида узвий боғлиқлик борлиги маълум бўлди.
Қолаверса, у оғиз бўшлиғи, қизилўнгач, ошқозон ва сийдик пуфаги саратони, ўпка сурункали обструктив касалликлари, инсульт, сурункали ринит, эркаклар бепуштлиги, меъда-қизилўнгач рефлюкси ва руҳий бузилишларга ҳам сабаб бўлади.
Шундай экан, ҳар бир инсон бу иллатдан узоқ бўлиши, фарзандларни эса чилим чекишнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш зарур.