ЖССТ маймун чечаги вирусини аниқлайдиган илк тестни тасдиқлади. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Mpox (маймун чечаги) вируси туфайли август ойи ўрталарида Африка минтақасида фавқулодда ҳолат, деб эълон қилинган эди.
Шундан сўнг сентябрь ойида ушбу инфекцияга қарши илк вакцина ЖССТнинг дастлабки квалификациясидан ўтди.
Бироқ касалликка ташхис қўйиш жараёни узоқ вақт талаб этиши ва қатор ҳудудларда диагностика имкониятлари чеклангани туфайли вируснинг тарқалиши тезлашиб кетаётган эди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечагини тезкор аниқлайдиган биринчи экспресс-тестни тасдиқлади. “Abbott Molecular Inc.” компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу синама “Alinity m MPXV” деб номланади.
ПЗР-тестдан, биринчи навбатда, эпидемия авж олган ҳудудлар ҳамда тезкор ва аниқ диагностика воситаларига эҳтиёж кескин ошган мамлакатларда фойдаланишга рухсат берилди.