19 октябрь куни Ўзбекистондаги халқаро маданий мерос ҳафталиги "Шарқ Ренессанслари феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар" доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти мажлислар залида "Ислом — тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида халқаро илмий-маданий симпозиум ҳамда "Ўзбекистон ўрта аср Қуръонлари" ва "Имом Бухорий инновацион музейи" лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
"Ислом — тинчлик ва эзгулик дини" симпозиуми давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан исломий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, "Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази" мега-лойиҳаси муҳокама қилинди.
Симпозиумга Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов модераторлик қилди. Биринчи бўлиб сўзга чиққан Турк қўлёзмалари бошқармасипрезиденти Жошкун Йилмазнинг маърузаси йиғилганларда катта қизиқиш ўйғотди. У ўз ташкилоти фаолияти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, қадим маданий меросимизга оид хушбарни айтиб ўтди. Жўшкун Йилмаз бошқараётган Туркия қўлёзмалар бошқармасига қарашли Сулаймония кутубхонасида энг нодир китоб – Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон томонидан 1318 йилда кўчирилган нодир Қуръони Карим қўлёзмаси сақланади. - Бу ўта қадимий ноёб қўлёзмани яқинда Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази делегациясининг Туркияга сафари давомида делегация аъзоларига кўрсатган эдик. Китоб ниҳоятда гўзал безаклар билан безатилган. Ушбу қўлёзма Фотих султон Мехмет томонидан Қрим урушидан ўлжа сифатида Истанбулга олиб келинган. Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази билан унинг факсимиле нусхасини чоп этиш ниятидамиз деди, -Жўшқун Йилмаз ўз чиқишида. Симпозиум иштирокчилари бу хушхабарни олқишлар билан қарши олди. Симпозиумда Туркия қўлёзмалар бошқармаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Имом Бухорийнинг дунёдаги энг эски ва тўлиқ ҳадислар тўплами факсимиле нусхасини совға қилди.
Симпозиум хорижий ва маҳаллий олимларнинг ранг-баранг мавзулардаги чиқишларига бой бўлди. Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос ва таржимон Иброҳим Ғафуров Қуръон маъноларининг ўзбек тилига таржимаси юзасидан олиб борилган ишлар ҳақида сўзлади.
Шундан сўнг, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш маркази (IRCICA) бош директорининг ўринбосари Чингиз Томар нутқ сўзлаб, IRCICA ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳалари, жумладан “Ўзбек олимлари энцеклопедияси”ни яратиш устида иш олиб бораётгани ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов замонавий дунёда диннинг аҳамияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Қуръони Каримнинг илоҳий-маънавий моҳиятига тўхталди.
Саудия Арабистонининг Ислом санъати музейи ва Мерос, маданият ва санъат масалалари бўйича Al Midad ташкилоти раҳбари Мамдуҳ Усмон Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик лойиҳалари ва Исломнинг бой тарихи ҳақида маъруза қилди.
Истанбулдаги Ислом цивилизацияси боғи раҳбари, дунёга машҳур Қуръон хаттоти Ҳусайн Кутлу “Туркияда хаттотлик санъати” мавзусида маърузаси, 1500 йиллик ислом маданияти мусҳаф санъатлари тарихи ва руҳини ўзида акс эттирган муҳташам намуна Истанбул мусҳафи ҳақидаги маълумотлари иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди. Бирлашган Араб Амирлигининг “Манара” маркази ижрочи директори Бахита Аҳмад Аль-Румейси ўз ташкилоти ҳақида қизиқарли маълумотларни келтирди. Ислом цивилизациясимаркази билан ҳамкорлик лойиҳаларига тўхталди.
Франциядан Қуръоншунос, Сорбонна ва Париж Олий амалиёт мактаби доктори, Париж Академик тадқиқотлар институти раиси ва Миллий илмий тадқиқот маркази (CNRS) тадқиқотчиси Карим Ифракнинг ўзбек Қуръон қўлёзмалари, жумладан,Амир Темурга тегишли бўлган, ҳозирги вақтда шахсий коллекцияда сақланаётган ноёб Қуръон ҳақидаги тадқиқоти симпозиумнинг энг сенсацион воқеаси бўлди.
Туркия ва Ислом санъати музейи директори, профессор Экрем Айтар Ислом меросини чуқурўрганиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигига тўхталди. “Outdoor Factory” компанияси директори Синан Тураман Имом ал-Бухорий музейи лойиҳасини тақдим қилди.
Синан Тураман — “Outdoor Factory” компанияси директори:
- Биз Ислом цивилизацияси маркази билан 2021 йилдан бери самарали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Ҳамкорлик доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуасида замонавий рақамлаштирилган музей қуриш режалаштирилган. Музей ҳам анъанавий, ҳам замонавий санъатни ўзида мужассам этган маскан бўлади. У ерда Имом Бухорийнинг болалигидан тортиб, унинг феноменал хотирага эга экани, “Сахихул Бухорий” асарининг яратилиш тарихи ва бошқа асарлари ҳақида батафсил маълумотлар хронологик тарзда интерактив, замонавий мультимедиа технологиялардан фойдаланган ҳолда намойиш этилади.
Симпозиум доирасида “Қуръон: тинчлик, эзгулик ва маънавий уйғониш нури” номли эксклюзив кўргазма очилди. Унда диний мазмундаги ноёб қўлёзмалар ва қадимий Қуръонлар намойиш этилди. Улар кейинчалик Ислом цивилизацияси маркази музейининг ва Имом Бухорий инновацион музейининг “Қуръон зали” экспозициясидан жой олади.
Маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилган тадбир давомида махсус тақдимотлар ўтказилди. Биринчи бўлиб Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Жамолиддин Каримов “Жаҳон коллекцияларидаги Ўзбекистоннинг маданий мероси” лойиҳасини тақдим қилди. Намик Камол университети тарих кафедраси профессори Халит ЭренҚуръоннинг ноёб қўлёзма нусхаларининг факсимилеларини Ислом цивилизацияси маркази “Қуръон зали”да жойлаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг етакчи илмий ходими Ҳамидулло Лутфуллаев ва Ислом цивилизацияси марказининг илмий котиби Рустам Жабборов Фирдавс Абдухолиқовнинг “Қуръоннинг ноёб қўлёзма нусхалари тарихи ва тақдири” лойҳасини тақдим қилди.
Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез турк султони Маҳмуд II га Қўқон хони Амир Умархон томонидан ҳадя қилинган Қуръон, Ўзбекхон Қуръони ва Амир Темурнинг невараси учун кўчирилган ноёб Қуръони Каримнинг факсимилеларини чоп этиш ҳақидаги кенг қамровли лойиҳасини тақдим қилди.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Мирзо Кенжабек “Файзул Фурқон”нинг ўзбек тилидаги таржимаси ва янги ўзбекча қўлёзма Қуръонлар ҳақидаги лойиҳалари ҳақида сўзлади. Туркия ва Ислом санъати музейи директори Экрем Айтар “294-рақамли Қуръон” мавзусида қизиқарли маъруза қилди.
Шунингдек, Тожикистоннинг Пенжикент педагогика университети проректори Шодмон Воҳидов хусусий коллекцияларда сақланаётган Қуръонлар қўлёзмасининг реестрини яратиш лойиҳасини тақдим қилди. Унинг маърузаси якунлангач, форум иштирокчилари томонидан барча лойиҳалар муҳокама қилиниб, қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Ёш ҳаттотлар учун машҳур хаттотлар Ҳусейн Кутлу ва Ҳабибулла Солихнинг мастер-класси ҳам ташкил этилди
Эмек Ушенмез Истанбул университети профессори, шарқшунос:
«Симпозиум жуда мазмунли, ишчан руҳда ўтди. Бу ғоялар нафақат имлом олами учун балки, бутун инсоният учун муҳимдир. Одамлар Исломнинг асл моҳиятини, унинг инсонпарвалик дини эканини тушуниши керак. Ислом инсон тафаккури, маъанавиятини юксалтиришда жуда катта маънавий ўрин тутади. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг жаҳолатга қарши курашишнинг ягона йўли маърифат эканлиги ҳақидаги фикрларини қўллаб-қувватлаймиз.»
Бахита Аҳмад Аль-Румейси — БААнинг “Манара” маркази ижрочи директори:
- Менинг фикримча, Маданий мерос ҳафталиги – ажойиб воқеълик. Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан келган кўплаб нуфузли олимлар, докторлар ва ислом маданиятни соҳасидаги етук мутахассислар йиғилди. Муҳокамалар жуда самарали бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон тарихи ва маданий меросини сақлашга бўлган ғамхўрлиги таҳсинга сазовор ва бу бизга қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун илҳом беради. Симпозиумда бўлиб ўтган Қуръоншунослик бўйича муҳокамалар ислом маданиятининг муҳим қисми сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Эмек Ушенмез Истанбул университети профессори, шарқшунос:
«Биз Туркия музей ва кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий меросига оид манбааларни ўрганишни бошладик. Туркия Қўлёзмалар институтида сақланаётган Қуръонларни тадқиқ қиляпмиз. Маданий мерос ҳафталиги доирасида қадим артефактлар билан боғлиқ бир неча лойиҳаларни тақдим этдик. Ислом цивилизацияси маркази билан биргаликда уларнинг факсимилеларини яратиш устида иш олиббормоқдамиз. Бундан ташқари, Туркияда Сомонийлар даврида кўчирилган бир Қуръон бор, у форс тилида ёзилган бўлса-да, унинг таркибида қадимий ўзбек тилининг қарлуқ диалекти ҳам қўлланилган. Мен шундай ноёб ва қизиқарди Қуръон нусхалари ҳақида маъруза қилдим. Бу йўлда бизни қўллаб-қувватлаётган ҳамкасбларимизга миннатдорчилик билдираман.
Халит Эрен — Намик Камол университети тарих кафедраси профессори, ИРСИКАнинг собиқ бош директори:
- Ҳар бир Қуръон ўзига хосдир. Ҳар бир хаттотнинг ўз услуби бор. Ҳозирги кунда Ислом цивилизацияси маркази билан келишувларга кўра, Туркиядан келган хаттотлар Ўзбекистон университетларида иш олиб бормоқда ва бу йил ўз меҳнатлари натижаларини нашр қилишни режалаштиришмоқда. Тошкентдаги нусхалар ўрганилмоқда ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимилеларини биргаликда тайёрлаш режаси мавжуд.»
Карим Ифрак — профессор, машҳур Қуръоншунос, Париждаги Сорбонна университети ва Париж Олий амалиёт мактаби доктори, Париж Академик тадқиқотлар институти раиси ва Миллий илмий тадқиқот маркази (CNRS) тадқиқотчи
- Кўплаб мутахассислар нодир Қуръонлар Европа музейларида ва хусусий коллекцияларда сақланади, уларни қўлга киритиш қийин дейишади. Аслида кўп ҳолларда бу шундай. Лекин, ноёб нусхалар яратилган. Масалан, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида тахминан 100 ноёб нусха мавжуд, бутун мамлакат бўйича эса уларнинг сони 300 га етган. Менимча, бу коллекцияни янада кенгайтириш керак. Мен шахсий коллекциядан олинган жуда жозибали бир Қуръон нусхасини намойиш этдим. У оммага очиқ эмас. Бу Қуръоннинг ўзига хослиги шундаки, унинг муаллифи аёл бўлиши мумкин.»
Хусайн Кутлу — Стамбул Ислом цивилизацияси боғи раҳбари, хаттот, Истанбул Қуръонининг муаллифи: