Туркияда терактлар туфайли барча аэропортларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Қарор бир кун олдин Анқарада содир бўлган қўпорувчилик фонида қабул қилинган. Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳаво бандаргоҳларига кириб келаётган автомашиналар синчковлик билан текширилмоқда.
Бундан ташқари, Истанбул Сабиҳа Гўкчен аэропорти саёҳатчиларни қўшимча текширувлар ҳақида огоҳлантирган ва учишдан камида уч соат олдин келишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрь куни TUSAŞ авиакосмик компаниясининг ишлаб чиқариш объектида теракт содир бўлди. ОАВ маълумотларига кўра, портлаш 17 мингга яқин одам ишлайдиган йирик компания объекти яқинида содир бўлган. Компания яқинида Туркия ҳаво кучлари базаси жойлашган.
Журналистларнинг сўзларига кўра, террорчилар корпорация кираверишига таксида келишган. Кейин машина портлаши содир бўлди, шундан сўнг икки ҳужумчи бинога кириб, компания ходимларини гаровга олган.
Бироз вақт ўтгач, Эрдўған террорчиларни йўқ қилинганини эълон қилди. Айни пайтда, Бош прокуратура содир бўлган воқеа юзасидан терговни бошлаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида беш киши ҳалок бўлган, яна 22 киши жароҳатланган. 3 нафари шифохонада.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари Анқарадаги теракт Курдистон ишчилар партияси (Туркияда тақиқланган террорчилик ташкилоти) томонидан уюштирилган деб тахмин қилмоқда.