Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлининг жанубида жойлашган меҳмонхонада содир бўлган катта ёнғин оқибатида камида 13 нафар хорижлик фуқаро ҳалок бўлди. Улар орасида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Рандхир Жайсвал ТАСС агентлигига маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлганлар орасида Мозамбикдан 1 нафар, Нигериядан 4 нафар, Қирғизистондан 3 нафар, Ўзбекистондан 1 нафар, Бангладешдан 1 нафар, Либериядан 1 нафар, Конго Республикасидан 1 нафар ҳамда Ироқдан 1 нафар фуқаро борлиги айтилган.
Шунингдек, 20 дан ортиқ хорижлик турли даражада жароҳат олган.
Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон ТИВ барча тегишли элчихоналар билан доимий алоқада бўлиб, зарур ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. "Биз маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда барча керакли ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек, тиббий ёрдам зарур бўлган ҳолларда шифохоналар маъмурияти билан иш олиб бормоқдамиз", — деди идора вакили.
Аввалроқ Ҳиндистон ОАВларида ёнғин оқибатида 18 нафар хорижлик ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. ТАСС агентлигига кўра, Ҳиндистондаги Россия элчихонаси ушбу ёнғинда россиялик фуқаролар ҳалок бўлмагани ёки жабр кўрмаганини маълум қилган.
Ҳодиса 3 июнь куни эрталаб меҳмонхонада содир бўлган бўлиб, умумий ҳисобда 21 киши ҳалок бўлган, 47 киши эса қутқарилган.
Ҳозирда ёнғин сабаблари ўрганилмоқда, меҳмонхона эгаси эса ҳибсга олинган.






