АсосийЖамият

Ўзбекистондаги 23 та ОТМ Осиёнинг энг кучли университетлари рўйхатига киритилди

Ўзбекистоннинг энг яхши олийгоҳи Осиёда 159-ўринда, Марказий Осиёда 7-ўринда қайд этилди.

'Ўзбекистондаги 23 та ОТМ Осиёнинг энг кучли университетлари рўйхатига киритилди'ning rasmi

Олий таълим соҳасидаги глобал таҳлил агентлиги томонидан 2025 йил учун эълон қилинган Осиёнинг энг яхши университетлари рейтинги натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 23 та олий таълим муассасаси топ-1000 таликдан жой олди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

6 ноябрь куни Олий таълим соҳасидаги глобал таҳлил агентлиги (QS Quacquarelli Symonds) Осиёнинг энг яхши университетлари рейтингининг ўн олтинчи йиллик нашри – QS Asia University Rankings 2025 ни эълон қилди.

Рейтинг натижаларига кўра, 2025 йилги Осиёнинг энг яхши университетлари янги рейтингига Ўзбекистоннинг 23 та олий таълим муассасаси киритилган бўлиб, бу мамлакат олий таълими тарихидаги мутлақ рекорд ҳисобланади.

Шулардан 11 та ОТМ ўз ўрнини яхшилаган, 2 та ОТМ ўз ўрнини сақлаб қолган, 9 та ОТМ биринчи марта рейтингга киритилган ва 1 та ОТМ ўз ўрнини йўқотган. Янги рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз мавқейини энг ишончли тарзда яхшилаган Осиё давлатларидан бирига айланди.

Маълумот учун, 2025 йилги Осиёнинг энг яхши университетлари рейтинги (QS Asia University Rankings 2025) минтақанинг 25 та мамлакат ва ҳудудидан 985 та олий таълим муассасасини қамраб олган бўлиб, улардан 127 таси илк бор Осиё рейтингига киритилган.

QS Asia University Rankings рейтингини тузишда ОТМнинг қуйидаги 11 та кўрсаткичи баҳоланади:

• илмий (академик) обрў (профессор-ўқитувчиларнинг овози) — 30 фоиз;
• иш берувчининг баҳоси — 20 фоиз;
• профессор-ўқитувчилар/талабалар нисбати — 10 фоиз;
• халқаро тадқиқот тармоғи (Scopusъдаги мақолалар сони) — 10 фоиз;
• битта мақолага берилган иқтибослар — 10 фоиз;
• ҳар бир профессор-ўқитувчи ҳиссасига тўғри келадиган мақолалар сони — 5 фоиз;
• PhD даражасига эга ходимлар сони — 5 фоиз;
• халқаро профессор-ўқитувчиларнинг улуши - 2,5 фоиз;
• чет эллик талабаларнинг улуши — 2,5 фоиз;
• алмашинув дастурлари доирасида хориждан келган талабаларнинг улуши — 2,5 фоиз;
• хорижга борган талабаларининг улуши — 2,5 фоиз.

    Бошқа янгиликлар