Дунёда инфекцияларнинг антибиотикларга чидамли турлари кўпаймоқда. Бу эса инсоният ҳаёти, саломатлиги ва эпидемиологик вазият учун жиддий таҳдиддир. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус ўз баёнотида ушбу глобал муаммо ҳақида тўхталиб, супербактериялар сайёрамиз бўйича ҳар йили 1,3 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлаётганини қайд этди.
Дориларга чидамли бактерия, вирус, замбуруғ ва паразитлар кўпайиши қатор хасталикларни даволаш жараёнини қийинлаштиради ёки муолажа имкониятини йўққа чиқаради. Шу тариқа супербактериялар пайдо бўлиши жадаллашиши мумкин.
ЖССТ раҳбари бу муаммога қарши курашишда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Микробларга қарши чидамлилик бўйича сиёсий декларацияда белгиланган устувор мақсадлар дастуриламал бўлишини қайд этди.
Бунинг учун ҳукуматлар саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирларини кўришлари керак.
Эслатиб ўтамиз: экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача дори-дармонларга чидамли инфекциялар 39,1 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши, қолаверса, бу билан боғлиқ патологиялар туфайли 169 миллион ўлим ҳолати юз бериши прогноз қилинмоқда.