Сурия собиқ президентининг рафиқаси Асма Асад ўткир миелоген лейкемия (оққон) ташхиси туфайли Москвада изоляцияга олинди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Асма Асадга бошқа одамлар билан мулоқот қилиш тақиқланган. Касаллик бошқаларга юқишининг олдини олиш учун у изоляцияга олинган. Унда қон саратони бошлангани айтилмоқда. Асмага бошқа одамлар билан бир хонада бўлиш мумкин эмас. Унинг омон қолиш эҳтимоли 50 га 50.
Асма ўлмоқда. У ҳеч ким билан бир хонада бўла олмаяпти, дея маълум қилди нашр манбалари.
У илгари кўкрак бези саратонидан даволангани ва 2019 йил август ойида бир йиллик даволанишдан сўнг касалликдан “тўлиқ” халос бўлганини эълон қилган. 2024 йил май ойида Сурия президенти администрацияси Асмага ўткир миелоид лейкоз ташхисини қўйган.
Асма даволаниш учун Британияга бормоқчи эди
Таъкидланишича, Асма даволаниш учун эридан олдинроқ Москвага келган. Сурияда исёнчилар ҳужумидан сўнг Башар Асад Москвага қочганди. Туркиянинг бир қанча оммавий ахборот воситалари Асма эри билан ажрашиш жараёнида эканини хабар қилган.
Шундан сўнг Асма Асад суд орқали Москвадан чиқиб кетишга рухсат олмоқчи. У Буюк Британияда даволаниши ҳақида хабар тарқалган. Тахминларга кўра, Асадлар оиласи Россияда бошпана олгани учун ҳужжатлари вақтинча олиб қўйилган. Бу эса хорижга чиқиш имконини бермайди.
Британия уни қабул қилишга тайёр эмас
Асма Сурия ва Британия фуқаролигига эгалигига қарамай, Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми шундай деди:
“Сўнгги кунларда Асма Асад мамлакатимизга киришга уринаётгани ҳақида эшитдим. У санкциялар остида эканини ва Буюк Британияда хуш кўрилмайдиган шахс эканини таъкидлаб ўтмоқчиман”.
Асманинг икки фуқаролиги бўлгани сабабли унинг Британия фуқаролиги бекор қилиниши мумкин. Бироқ қироллик бош вазири Кир Стармер Асад режими қулаганидан кўп ўтмай, Асмани Британия фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳақида гапириш ҳали эрта эканлигини айтган.
“Биз қарор қабул қилиш учун жуда эрта босқичда турибмиз”, деди Стармер.